Moody’s Ўзбекистон кредит рейтингини оширди
Moody’s Ratings Ўзбекистон суверен рейтингини Ва3'дан Ва2 даражасигача оширди. Прогноз — барқарор.
Рейтинг оширилганига қарамай, агентлик бир қатор сақланиб қолган хатарларни қайд этган. Давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг умумий шартли мажбуриятлари ЯИМнинг тахминан 25 фоизига баҳоланмоқда ва прогнозга кўра, кенг миқёсли инвестиция дастури фонида аста-секин ўсиши кутилмоқда. Давлат банклари ҳали ҳам молия тизимида устунлик қилмоқда, гарчи имтиёзли кредитлаш улуши 2020 йилдаги умумий кредитлар ҳажмининг 39 фоизидан 2025 йил охиригача 19,2 фоизгача камайган бўлса-да. Асосий давлат банкларининг хусусийлаштирилиши жараёни давом этмоқда, бироқ қадрсизланган активлар хатарлари ва ислоҳотлар жараёнида капитални тўлдиришга бўлган эҳтимолий эҳтиёжлар суверен (давлат) учун потенциал шартли мажбуриятлар манбаи бўлиб қолмоқда.
Агентлик шунингдек, ислоҳотлар уларнинг мураккаблиги ва геосиёсий кескинлик шароитидаги қийин ташқи конъюнктурани ҳисобга олган ҳолда кутилганидан секинроқ илгарилаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Реструктуризация мураккаблиги, халқаро инвесторлар учун маълумотларни ошкор қилиш стандартлари ва корпоратив бошқарувни ошириш зарурлиги, шунингдек, боғлиқ ижтимоий харажатларни бошқариш муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда кенг миқёсли хусусийлаштириш аста-секин давом этади.
Ўзбекистоннинг нейтрал ташқи сиёсат йўналиши ва минтақавий барқарорликнинг яхшиланиши инвестиция ва молиялаштиришнинг турли манбаларига киришни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, ижро ҳокимиятининг концентрацияси ва синовдан ўтган ворисийлик механизмининг йўқлиги узоқ муддатли сиёсий хатарлар бўлиб қолмоқда.
Рейтингни янада ошириш учун Moody’s давлат бошқаруви сифати ва институционал самарадорликда барқарор ва амалиётда тасдиқланган яхшиланишларни кутади — аввало, рақобат, тартибга солиш сифати ва давлат бошқаруви самарадорлиги соҳасида. Шунингдек, муҳим шарт сифатида йирик давлат сектори билан боғлиқ фискал хатарларнинг қисқартирилиши, давлат корхоналари ва давлат банкларининг ҳаётийлигини оширувчи ислоҳотлар саналган.
Рейтингнинг пасайишига ислоҳотлар курсининг сезиларли секинлашиши ёки ортга қайтиши, бюджет кўрсаткичларининг жиддий ёмонлашиши — жумладан, давлат корхоналари ёки давлат банкларининг шартли мажбуриятларини амалга ошириш орқали — ёки ташқи буферларнинг сезиларли заифлашиши сабаб бўлиши мумкин.