Бизнеснинг ёқилғи ва энергия қимматлашиши хавотири янги максимумгача кучайган
Июнда инфляцион кутилмалар аҳолининг наздида 10,1%ни, бизнеснинг наздида 9,9%ни ташкил этган.
Энг ёмон хавотирлар — монополист ва чўнтак олигархлар назоратидаги маҳсулотлар ва хизматлар билан боғлиқ учталик (коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши, транспорт харажатлари ошиши) ҳар икки тоифада ўзгаришсиз қолган.
Эътиборлиси, ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашишидан хавотир олган тадбиркорлик субъектларининг улуши 51%га етган. Бу сўровлар амалга оширилаётгандан буён қайд этилган энг юқори максимум.
Энг юқори инфляцион кутилмалар ҳудудлар орасида Тошкент шаҳри - 12% (аҳоли) ва Жиззах вилояти - (11,4% (бизнес) бўлиб қолмоқда. Тошкент шаҳри, Андижон ва Фарғона вилоятларида 17% ва ундан юқори инфляция кутаётганлар улуши 20%га етган.
Даромадлар қирқимида 2 млн.сўм ва ундан кўп даромад олувчиларнинг инфляцион кутилмалари умуман ўзгармаган. Даромадсизларнинг кутилмалари эса 9,3%га (+0,4%) етган.