Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш буткул тақиқланадими?
"Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунга қатор ўзгартиришлар киритилган.
Жиддий ўзгартиришлардан бири — бутунлай қайта ёзилган қонуннинг 24- моддаси билан боғлиқ. 24- модданинг 3- хатбошиси бундай кўриниш олган:
"Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббуси билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди".
2017 йилда шунга ўхшаш норма фармонда акс этган эди (давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш тақиқланади).
Назаримизда, мазкур қоидалар хусусийлаштирилган объектлар қийматининг баҳолаш қисмига амал қилади. Энди тасаввур қилинг, Хусусийлаштириш тўғрисидаги қонуннинг очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш, коррупцияга йўл қўймаслик каби фавқулодда муҳим принциплари, тўловларни амалга ошириш тартиби ва шартлари очиқчасига бузилган бўлса-чи?
Ёпиқ ва сопини ўзидан чиқариб, потенциал талабгорларни турли маъмурий босим ва ноқонуний воситалар билан яқинлаштирмасдан ёки четлаштириб хусусийлаштирилган объектлар, активлар ва ҳуқуқлар бўйича кейсларга ҳам қонуннинг юқоридаги талаби ишлатиладими?