Давлат мактаблари, боғчалари ва тиббиёт муассасалари мулклари яна хусусийлаштириш дастурига қўштирилган
2026 йил учун мўлжалланган хусусийлаштириш дастурида оммавий савдоларга чиқарилган кўчмас мулк объектлари қаторига яна давлат мактаблари, боғчалари, Саховат уйлари ва тиббиёт муассасаларининг юзлаб бинолари ва иншоотлари ҳам киритилган. Афсуски, 2025 йилда бошланган хато яна такрорланган ва ҳатто кенгайтирилган.
Ҳужжатнинг изоҳ қисмида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига тегишли кўчмас мулк объектлари нодавлат таълим муассасаси ташкил этиш ва фаолият турини сақлаш шарти билан савдо қўйилиши кўрсатиб кетилган. Энди тасаввур қилинг, давлат мактабининг бир бурчагида хусусий мактаб қурилса, эрталабдан болалар синфий табақалашиб — бир қисми кенг, замонавий ва ёруғ синфларга (кўпи билан 20та ўқувчи ўқийдиган), иккинчи қисми 45-50 ўқувчи ўқийдиган тор ва эскирган хоналарга кириб кетишадими? Боғчалардаги аҳвол қанақа бўлади? Бир эшикда хароба боғча, ёнидаги эшикда кўркам боғча бўладими? Боғча ёшидан икки хил — бой ва камбағал манзара яратиладими гўдакларга? Шу ёшдан ўкситиладими?
Сотувга қўйилган тиббиёт маконлари ва ижтимоий муассасалар (етимхона ва қариялар уйлари) ўрни бўйича-ку умуман мезонлар белгиланмаган. Демак, уларнинг ўрнида исталган тижорий актив қуриш мумкин.
Давлат мактаблари етишмовчилиги бўйича, мактба спорт зали, кутубхонаси йўқлиги ҳақида гап очилса — ҳоким ва вазирларнинг навбатчи жавоби тайёр: ер йўқ. Мана ер, ўзинглар ўнгга-чапга сотаяпсизлар.
Ҳокимлар майли, улар сотишга ишқивоз. Афсуски, айрим тадбиркорлардаям парҳез йўқ. Тўхта, давлат мактаби, давлат боғчаси, давлат тиббиётига тегишли жойга тегмайин, бизнесимни бошқа жойда қилайин демайди.
Давлат мактаблари ўрни ва ер майдонларида фақат давлат мактаблари, давлат боғчалари ўрнида ва ер майдонларида фақат давлат боғчалари, давлат тиббиёт муассасалари ўрни ва ер майдонларида фақат давлат тиббиёт муассасалари қуриш мумкинлиги принципларига қачон қайтилади? Ахир, ижтимоий давлатмиз. Нега ижтимоий маконларда очиқча ва намойишкорона тенгсизлик яратилиши керак?
- https://lex.uz/docs/8458324lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9982@the_bakiroo
- https://www.youtube.com/watch?v=PV9XuK1MGlsyoutube.com