15K24Telegramda ochish
Тошкентда йўлкира тарифлари ўзгариши: Сабаблар ва омиллар қандай? Тошкентда автобус ва метро йўлкирасини 1 700 сўмдан 2 500 сўмга ошириш бўйича таклиф ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Мутасаддилар вазиятни иқтисодий зарурат деб тушунтиришга уринишмоқда. Кўпчиликка 47 фоизлик ўсиш оғир ва саволли туюлиши табиий. Амалдаги 1 700 сўмлик тариф 2023 йил кузидан бери ўзгармаган. Қайд этилишича, шу вақт ичида тизим учун керак бўлган электр энергияси 900 сўмдан 1100 сўмга (22,2% га), заправкалардаги газ эса 1800 сўмдан 2750 сўмга (52,7% га) қимматлаган. Бундан ташқари, автобуслар сони 1 900 тага етиб, кунлик йўловчи оқими 2,5 миллионга яқинлашган. Транспорт тармоғи кенгайгани сари уни ушлаб туриш (ёқилғи, маош, таъмирлаш) харажатлари ҳам ортиб борган. Йўловчи тўлаётган пул харажатларнинг фақат бир қисмини қоплайди. Таннарх ва тариф ўртасидаги фарқ эса барибир давлат бюджетидан, яъни солиқ тўловчилар ҳисобидан субсидия бўлиб қопланмоқда. Бу иқтисодий занжирда жамоат транспортидан умуман фойдаланмайдиган солиқ тўловчи ҳам тизимни молиялаштиришда қатнашяпти дегани. Нархнинг 2 500 сўмгача оширилиши бюджетга тушаётган мана шу юкни бироз камайтиради. Қўшни шаҳарлар билан солиштирганда ҳам фарқ сезиларли. Масалан, бир марталик йўлкира Олмаотада қарийб 3 100 сўм, Бокуда 4 200 сўм, Истанбулда эса 11 000 сўмдан баланд. Албатта, бу давлатларда аҳоли даромадлари ва субсидия тизими ҳар хил, аммо қиёс учун контекст шундай. Балки бу жамоат транспортини барқарор ушлаб туриш ва унинг харажатларини ёпиш учун иқтисодий асосланган тарифларга ўтишда навбатдаги қадам ҳисобланади. Сунъий паст нархлар вақт ўтиши билан тизимни молиялаштиришда ва барқарор фаолиятини таъминлашда қийинчиликлар туғдириши мумкин.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin