Йўл ҳақи 47%га ошса, субсидиялар қанчага камаяди?
Пойтахт Тошкентда 1 октябрдан автобус ва метрода йўл ҳақини нақдсиз тўловда 1 700 сўмдан 2 500 сўмгача — 47 фоизга ошириш таклиф қилинган Лойиҳада ўтган даврда йўл ҳақи таннархининг қандай ўзгаргани, тарифларнинг ошиши бюджетдан ажратилаётган субсидияларни қанчага камайтириши ёки ўсишдан тўхтаттириши ҳақида маълумот ёки ҳисоб-китоблар келтирилмаган.
Жамоат транспорти энергетикадан кейинги энг кўп бюджет субсидияси олаётган соҳа ҳисобланади. 2026 йил учун автобусда йўловчилар ташишга субсидиялар 1 640,0 млрд.сўмдан 1 885,3 млрд.сўмгача (+15,0%), метро учун субсидиялар эса 494 млрд.сўмдан 544,4 млрд.сўмгача (+10,2%) ошиши қайд этилган. Автобус учун ажратиладиган субсидияларнинг энг катта қисми — 1 385,0 млрд.сўм, метро учун субсидиялар учун эса тўлиқ — жами 1 929,4 млрд.сўм Тошкент шаҳри учун сарфланади.
Хўп, йўл ҳақи ошиши маъқулланди ҳам дейлик, янги тарифлар таннархнинг айнан қанча қисмини қоплайдиган бўлади? Таннархнинг ўсиши қандай тийиб турилади? Субсидиялаш ва тарифлар мутаносиблиги бўйича ориентирлар борми?
Ҳозирча берилган расмий изоҳларда ҳам таннархнинг қандай ўзгаргани ва қанчага етгани, янги тарифлар билан субсидиялаш қандай ўзгариши бўйича аниқ рақамлар кўрсатилмаган.