"Биз ҳали ҳокимлар сайловига ўзимиз тайёр эмасмиз. Тасаввур қилинг, мана куни кеча Россиянинг қайсидир провинциясида ободонлаштириш соҳасида ишлайдиган бир аёлни губернатор қилиб сайлаб қўйишди. Нима бўлса ҳам аҳолининг ўша ердаги губернатордан безганидан бўлган-да, бу нарса. Ким бўлса ҳам ўша бўлмасин деган дунёқараш бўлган маҳаллий аҳолида. Менимча бу жараёнга одамлар ҳам тайёр бўлиши керак».
Бу Сенат раисининг ҳокимларнинг қачонлардир халқ сайлашига нисбатан муносабатидан иқтибос.
Биринчидан, фаррошнинг сайланиши воқеаси губернаторни сайлаш билан эмас, Россиянинг Кострома областида сельсовет раиси сайловида юз берган. Сельсовет бу бизнингча олдинги Қишлоқ фуқаролари йиғини сингари кичик маҳаллий тузилма.
Иккинчидан, сайловлардаги кўзбўямачиликлар бизникидан қолишмайдиган Россиядаги ҳатто кичик бир воқелик ҳам халқнинг иқтидордагиларга муносабатини реал ифодалайди.
Шахсий фикримча, агар ҳатто нисбий эркин сайловлар ўтказилган тақдирда ҳам бизнинг ҳокимлар номенклатурадан ташқарида бўлган исталган касб эгасига ютқазиши эҳтимоли юқори. Бу ўқитувчи, боғбон, шифокор ва ҳатто қоровул ҳам бўлиши мумкин. Ва бундан муаммо кўрмаслик керак.
Шунинг учун, Сенатимиз раиси халқ эмас, ҳеч ким сайламаган чиновниклар эркин сайловларга, демакки ютқазишга ва кун тартибидан кетишга тайёр эмасликлари ҳақида гапирса ҳақиқатга яқинроқ бўларди.
@the_bakiroo