Балиқчи банклар ва бошқа балиқчилар ҳақида
6 ой аввал Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси қабул қилинган. Пўрим, улуғ гаплар айтилган стратегия. Ўқиган одамнинг кўзига ёш келади.
Хусусан, ҳужжатнинг 8та жойда айтилганки, банклар уларга хос бўлмаган функциялардан озод қилиниши лозим. Бусиз банк тизими ибтидоийлигича, қолоқлигича қолаверади, ўғирликнинг уяси, ҳокимларнинг орқа томорқаси ҳолида қолади.
Мана бу эса Ҳукумат қарори. 11 ноябрда қабул қилинган. Унда Ўзбекистон қонунлари амал қилмайдиган Андижон вилоятида қишлоқ хўжалиги бўйича қилинадиган ишлар саналган. Қатор ташкилотлар қаторида «Қишлоқ қурилиш банк», «Ипотекабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳам Андижон вилоятининг Улуғнор туманида балиқчилик хўжаликлари ташкил этиши керак бўлади. Саналганлардан иккитаси оламшумул транформация жараёнларини амалга оширмоқда. «Ипотекабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» еврооблигацияларини сотиб олган оврўпалик ва америкалик инвесторлар улар облигациясини сотиб олган банклар Абдураҳмонов Андижонида балиқчилик билан машғуллигини эшитсалар, шу ондаёқ бу қимматли қоғозлардан қутулиш чорасини кўрсалар керак.
Мен албатта тушунган бўлардим, агар бу ҳужжатни Ўзбекистон қонун-қоидаларига амал қилмайдиган ва ўзгача ақл эгаси Шуҳрат Абдураҳмонов имзолаганида. Лекин ҳужжатни бош вазир имзоламоқда. Кимдир бу ҳужжатни амалдаги қонунчиликка мослиги юзасидан экспертизадан ўтказганми?
Нега фақат банкларни санайсан, дейишингиз мумкин. Лекин балиқчилик юкланган ташкилотлар орасида Ўзавтонинг 6та корхонаси ҳам бор. Ўзавто нима бўпти, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳам бор.
Ўзавто корхоналари бампер, бўёқ, ўриндиқ ишлаб чиқариш ўрнига балиқ ишлаб чиқарса, оқибатини ҳамма билади. Лекин мелиса ҳуқуқ-тарғиботни таъминлаш ўрнига балиқчилик ҳовузини қазиса нима бўлади, пулни қаердан олади, Ўзбекистон бюджетида мелисанинг балиқчилик ҳовузини ташкил этиш учун пул ажратилганми?
@the_bakiroo