"Айбдор" банклар ва мажбуриятлар бажарилиши тезкорлиги ҳақида
Банклар ва бизнес субъектлари ўртасидаги баҳсли масалаларда жамоатчилик фикри кўпинча бизнес тарафида жамланади. Банкларга нисбатан "айбдор" муҳри осонгина ва кўп ўйлаб ўтирмай ёпиштирилади.
Яширмайман, мендаям кўпинча шундай бўлади. Масалан, Елена Аверьянованинг мана бу мурожаатини кўрганимдан кейин, наҳотки ўзаро муросага боришнинг имкони бўлмаган бўлса, деган фикр келди ва “Agrologistics Central Asia" МЧЖ кредити бўйича гаровдаги мулкка нисбатан ҳаракатларни бошлаган Асака банкни қоралаган бўлдим.
Асака банки ва “Agrologistics Central Asia" МЧЖ ўртасидаги баҳсли вазият бўйича банкнинг изоҳлари эълон қилингач, муаммонинг картинаси янаям тушунарлироқ намоён бўлди.
Қисқача айтганда, тадбиркорлик риски ва молиявий оқимлар тўғри бошқарилмаган, натижада банк олдидаги нотўловлар юзага келган. Банк эса муроса йўлидан юришга уринишлар наф бермагач, ўз манфаатларини қонун доирасида ҳимоялаш учун ҳаракатларни бошлаган. Агар бу ҳаракатлар бўлмаганида, назаримда, банкни ҳаракатсизликда айбласа ҳам бўларди.
Фикримча, мазкур муаммоли вазият прецеденти мисолида ўта мураккаблаштириб юборилган гаров ва унинг реализацияси масалалаларини соддалаштириш масаласи кун тартибига чиқади. Унутмаслик лозимки, мажбуриятларнинг бажарилиши тезкорлиги қанчалик юқори бўлса иқтисодий ўсиш ҳам шунча жадаллашади.
@the_bakiroo