Энг кўп манипуляция қилинган Конституциянинг 90- моддаси нормалари ҳақида
Бир неча кундан сўнг Конституция куни нишонланади. Биз Конституция куни арафасида Конституциямизнинг ишламаётган ёки лозим даражада ишламаётган, керак бўлса бузилаётган моддалари ҳақида тўхталиб борамиз.
Конституциямизнинг 127 моддасига кўра, Конституцияга ўзгартиришлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади. Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисидаги Қонуннинг 1- моддасига асосан, Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
2002 йил 27 январда бўлиб ўтган Референдум натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини беш йилдан етти йил қилиб ўзгартириш белгиланган. Референдум натижалари Конституциянинг 90- моддаси 2- қисмида акс этган. Орадан 9 йил вақт ўтиб, парламентда қонунга ўзгартириш киритиш орқали Конституция 90-моддасининг иккинчи қисмидаги «етти йил» деган сўзлар «беш йил» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Яъни Референдум йўли билан Конституцияга киритилган ўзгартириш Референдум ўтказмай туриб қайта ўзгартирилган.
Бу ишлар аслида нима учун қилинган. Аслида 90- модданинг 1 - қисмида акс этган норма - Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги талабларни четлаб ўтиш учун ишлатилган ва гарчи Қонун билан белгиланган бўлсада легитимлиги сўроқ остидаги маневр.
Камида 2007 ва 2015 йилги Президент сайловларида Конституция 90- моддасининг 1- қисми талабларига амал қилинмаган. Тоталитар давлатларда, хусусан масалан ҳозирги Россияда Путин ваколатларини "обнулить" қилиш усули тарихимизда камида икки марта қўлланилган.
Яна бу усулдан фойдаланиладими ёки йўқми тобора яқинлашиб келаётган келажак кўрсатади.