Расмий пресс-релиз:
Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 21 январда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу қарор инфляция динамикасини янада пасайтириш, иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини ижобий даражада сақлаб қолиш, шунингдек, иқтисодий фаолликнинг тикланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бориш мақсадида қабул қилинди.
2020 йилда ноаниқликларнинг кучайиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари инфляцион кутилмаларининг нисбатан юқори ўсиши кузатилди. Бу апрель ва июль ойларига тўғри келган бўлса, август ойида кутилмалар пасая бошлади ва аҳоли учун 17-18 фоиз ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун 18-19 фоиз даражасида қайд этилди. Бу, ўз навбатида, инфляцион кутилмаларнинг жиловланмаганлигини ифодалайди.
Марказий банк томонидан иқтисодий фаоллик ва ишбилармонлик кайфиятини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровлар натижалари улар бўйича индексларнинг 2020 йил июль ойидаги пасайишидан сўнг III-IV чоракда яхшиланганлигини кўрсатмоқда.
2020 йилнинг март ва октябрь ойларидаги мустаҳкамланишдан сўнг сўмнинг реал самарали алмашув курси йил якунига келиб, асосий савдо ҳамкорлар миллий валюталари курсининг ўзгариши ва инфляция даражасининг ошиши, шунингдек, мамлакатимизда инфляция даражасининг пасайиши ҳисобига ўзининг узоқ муддатли трендига яқинлашди.
Асосий ставкани пасайтириш бўйича илгари қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ трансмиссияси, шунингдек, пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилишига иқтисодиётнинг мослашуви маълум вақтни талаб қилади.
Яқин истиқболда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши хатарлардан бири сифатида қолмоқда. Протекционистик сиёсат, экспортёрлар томонидан асосий озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича чеклов чораларининг (квота ва тарифлар) киритилиши асосий озиқ-овқат товарлари импортининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.