Cotton Campaign Ўзбекистондаги 2020 йилги пахта теримида мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича хулосаларини эълон қилди
«Маҳаллий ҳокимликлар пахта теримини ташкил этиш ва назорат қилишни ўзида сақлаб қолди. Гарчи 2020 йил мартида пахта ҳосилига давлат буюртмаси бекор қилиниб, марказий ҳукуматнинг расмий шахслари мажбурий меҳнат тақиқланганига доир бир неча маротаба аниқ баёнотлар эълон қилган бўлса-да, маҳаллий мулозимларга туманлар ўзларининг ишлаб чиқариш мақсадларини бажаришини назорат қилиш вазифаси топширилган.
Айрим туманлардаги мулозимлар эса, топшириқларни бажариш учун мажбурий меҳнатга йўл қўйган. Хусусан, фавқулодда ҳолатлар, банк ва давлат корхоналари хизматчилари пахта теришга мажбурланган ёки теримчи хизматини тўлаган, акс ҳолда салбий оқибатларга дуч келган. Кузатувчилар маҳаллий ҳокимлик идораларининг минглаб пахта теримчиларини мажбуран сафарбар этганликлари билан боғлиқ ўнлаб ҳолатларни қайд этишган», дейилади Cotton Campaign эълон қилган баёнотда.