Ҳожатхона санкцияси ҳақида
Ўтган куни Чўпонота кўчасининг у бошидан бу бошигача дўстимиз билан пиёда юриб келаётиб, ҳожатхонага эҳтиёж туғилди. Афсуски, вақт кечроқ эди ва қарийб 3 километрлик масофада бирон жойда ҳожат чиқаришга имкон бўлмади. Чилонзор РОВД рўпарасида ўраб, эгаллаб олиниб дом қурилаётган жой қутқариб қолди. Худди шу ҳолат нафақат Чўпонота кўчасида, барча марказий кўчаларда - Навоий кўчасида ҳам, Амир Темур кўчасида ҳам, Шароф Рашидов кўчасида ҳам мавжуд.
Одатда, Тошкент кўчалари бўйлаб пиёда юрганда зарурат туғилса, асосан банк ёки суғурта компанияларининг ҳожатхоналаридан фойдаланаман. Чунки фақат шу муассасалардагина ташқаридан офисга кирган одамга ҳожатхонадан фойдаланишга рухсат беришади ва энг асосийси, бу муассасаларнинг ҳожатхоналари қоида тариқасида тоза, қоғоз, сув ва совун билан таъминланган ҳолда бўлади.
Мана бу ерда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳожатхонаси талабга жавоб бермайдиган метан «заправка»ларни газдан узиб қўйгани билан мақтанмоқда.
Албатта Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги «Йўл ва туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 793-сон қарорига асосан ёқилғи қуйиш шоҳобчалари замонавий туалетлар билан тўлиқ жиҳозланиши белгиланган. Лекин бу вазифа 2020 йил 1 мартга қадар амалга оширилиши керак эдику! 1 йилдан буён энди эсингларга тушдими?
Туалет талабга жавоб бермаслиги ёмон, лекин Газ заправкасини тўхтатиб қўйиб иқтисодиётга қанча зиён етказилди? Қайси бири кўпроқ зиёнли?
Қўмита шунингдек, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг ҳар иккаласида ҳам ногиронлар учун пандус ўрнатилмаган, Она-бола хонаси жиҳозланмаган, деб қайд этмоқда.
Қўмитанинг хабари бормикан, Тошкентнинг қоқ марказида йўлўтказгичларда, метрога тушишда пандус йўқлигидан? Қўмита вакиллари Оқтепадаги ер усти кўпригидан ўтиб кўрганми масалан? Янги қурилган метро бекатларига ўтиш учун светофорлар ёки пиёда ўтиш йўлаклари йўқлигидан хабардорми қўмита?
Шунчаки, ўзимиз учун қабул қилишимиз лозим:
Бизнес ўз мижозлари учун, сотувлари ҳажмини ошириши учун яратадиган қулайликлар бор. Буни мажбурлаб қилиб бўлмайди. Туалет ҳам шу жумладан.
Иккинчиси эса давлатнинг фуқаролари олдидаги мажбурияти. Бу жамоат ҳудуди, жамоат ҳожатхоналари, жамоат транспорти, тротуарлар, ўтиш йўлаклари билан боғлиқ инфратузилмалар. Мана буни мажбурлаш, талаб қилиш керак. Қўмита кўпроқ шу тарафга эътибор қаратса бўларди.