Ташқи қарз жамғаришнинг янги прокси босқичи бошланмоқда
Ўзавтомоторс томонидан 300 млн.долларлик қийматда халқаро облигациялар чиқарилиши айтилмоқда. Облигацияларнинг муддати ва ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар ҳали маълум қилинмаган.
Давлат томонидан ташқи қарз жамғаришда бироз сусайиш кутилаётган жорий йилда давлатга тегишли ўзбек монополиялари жуда фаол бўлишади. Чунки классификацияга кўра, гарчи давлатга тегишли бўлсада улар жалб қилган қарздорликлар хусусий ўлароқ таснифланади.
Ўзавтомоторс облагациялари бу ҳали бошланиши, аввалроқ Ўз билан бошланадиган бошқа яна бир неча паразитлашган ва фақат ўзлаштириш устига қурилган монополистлар облигациялар чиқариш режаларини маълум қилишганди.
Масъулиятли ва эркин сайловлар орқали алмашиб борадиган ҳукумат шакллантириш, иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар ва очиқлашни амалга ошириш, давлатнинг иқтисодиётдан кетиши тадбирларини якунламай туриб давлат ташқи қарзларини ошиши бир муаммо бўлса, масъулиятли мулкдори бўлмай, ношаффоф ҳисоб ва ҳисобдорлик, колхозча бошқарув усуллари, самарасиз вертикал интеграциялашув устувор бўлган, хато ва салбий оқибатлар учун жазосизлик шаклланган монополиялар орқали қарз жамғарилиши икки карра оғирроқ муаммоларни яратади.