Ақлли шаҳар ўрнига Сити қурилади
Суратда кўриб турганингиз, корейсларми, малайзияликларми ёки сингапурликларми ваъда қилган шаҳар қурилмайди. Нурафшон дея қайта номланган Тўйтепада Ақлли шаҳар қуриш бўйича 3 йил аввалги режалардан воз кечилди.
Ҳукумат қарорига кўра, Тошкент вилоятининг маъмурий марказида «Nurafshon business city» бунёд этилади.
Ҳозирча Сити нечта лотдан иборат бўлиши номаълум. Лекин қарорда музей, халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун «Экспомарказ», театр, кутубхона, ёшлар ижодиёт саройи бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиши қайд этилган.
Ситини қуриш бўйича ташкил этиладиган Дирекция фаолият кўрсатишининг бутун даврида солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинади.
Айланиб, айланиб ўзимиз билган, ўзимиз синовдан ўтказган Сити қуриш бўйича схема ва тажрибаларга қайтмоқдамиз.