Тбилиси ҳайратлари
Тбилисида мени соатдек ишлайдиган жамоат транспорти ҳам, грузин ошхонасининг мўл-кўллиги ва мазали таклифлари ҳам, грузинларнинг очиқлиги-ю, меҳмоннавозлиги ҳам ҳайратга солмади. Чунки булар ҳақида кўп эшитганман, ўқиганман.
Тбилисида мени яшиллик ҳайратга солди. Шаҳар бўйлаб тўрт кун кезиб биронта тўнкага ё кесилган дарахт ўрнига кўзим тушмади. Қурилишлар ҳам, транспорт ҳам дарахтларга йўл берган, ҳар бир яшиллик чақалоқдек асраб авайланган.
Иккинчи ҳайратим Тбилиси қоқ маркази бўлишига қарамай, сақлаб қолинган эски бинолар, архитектура, тор кўчалар бўлди. Назаримда, тбилисиликлар уларнинг энг катта бойликларидан бири шу эканини, ҳеч бир сити қийматда унинг ўрнини боса олмаслигини жуда яхши билишади. Бетон ва пластмасса қоришмасига айлантирилган Тошкентга солиштирганда бу айниқса оғриқли, бу ерда биз нимани йўқотганимизни янаям чуқурроқ тушунасиз.
Учинчи ҳайратим Тбилиси кучуклари бўлди. Ўзи итдан ўлгудек қўрқаман. Лекин Тбилиси итлари одамга одамдан ҳам меҳрибон. Масалан, бугун учта кучук квартирамиздан метрогача кузатиб келди. Миннатдорчилик ўлароқ нон ва колбаса берсам, ейишмаса денг. Ит колбаса емаганини биринчи кўришим. Айтишларича, шаҳар маъмурияти итларни ҳар олти ойда эмлайди, доимий парваришлаб туради. Тбилисиликлар итларни яхши емак билан боқишади шекилли, уларнинг барчаси дўмбоқ, йилтираб кетишган.
Суратда менинг Тбилисида орттирган дўстларим.
@the_bakiroo