Тбилисида жамоат транспорти
Жамоат транспорти сифати ва мундарижаси аэропортдаёқ сезилади. Бориладиган манзилга, ҳатто у манзил номаълум бўлсада, автобусда етиб келдик. Йўл ҳақи 50 тетрис, бу тахминан 1650 сўмга тўғри келади.
Тбилисида автобус тизимига ҳам, метрога ҳам битта компания - Тбилиси транспорт компанияси эгалик қилар экан. Метро ва автобусда тўлов миқдори бир хил - 50 тетрис. Қатнов частотаси анча зич, поездни ҳам, автобусни ҳам кутиб қолмайсиз. Масалан, кеча шанба куни соат 11да метро поездлари 4 минут оралиғида келиб турди. Автобус қатнови яна ҳам тезроқдек туйилди. Чунки, ўрганиш учун атайин тўхтаб, айни бир маршрутларда автобусларнинг 3 минут оралиғида қатнаётганини кўп кузатдим. Шунинг учун ҳам автобус ва метро поездида тик туриб кетаётган йўловчиларни кам кўрасиз.
Кўчаларда ҳам, жамоат транспортида ҳам ёзувлар ва кўрсаткичлар грузин ва инглиз тилида. Маҳаллий аҳоли агар манзил сўрасангиз эринмай тушунтиради. Ёши катталар рус тилида, ёшлар эса инглиз тилида.
Кўчалар, тротуарлар пиёда ҳаракатланишга кўпроқ рағбатлантиради. Автобус бекатлари оралиғи ҳам мақсадли равишда бир биридан узоқроқ ташкил этилгандек, онгли равишда машинада ҳаракатланишдан пиёда ва жамоат транспортидан фойдаланиш афзаллиги яратилганлиги сезилади. Масалан, шаҳар ичида исталган А нуқтадан Б нуқтага пиёда ва жамоат транспортидан фойдаланиб, таксидан кўра тезроқ етиб боришингиз мумкин.
@the_bakiroo