Аукцион шундай бўлиши керак
Онлайн аукцион фикрларни тасдиқлашда давом этмоқда. Самарали тизим ҳеч кимни чекламайди, барчага иштирок этиш имкониятини беради.
"E-auksion" элекрон савдо платформасида шу кунларда йирик давлат объектларининг савдолари қизғин бормоқда. Икки кун аввал 2 та метан заправкаси қарийб икки баробар қимматроққа сотилганида эътибордан четда қолган эди (1-мулк, 2-мулк).
Бугун эса Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида жойлашган бошланғич нархи 9,6 млрд сўмлик метан заправкаси ва сервис маркази 23,2 млрд сўмга ёки 2,4 баравар қимматроққа сотилган. 6 нафар иштирокчи қарийб бир соат сотиб олиш учун ҳаракат қилган.
Бойсун туманидаги бошланғич нархи 6,4 млрд сўмлик метан заправкаси учун савдода 3 нафар иштирокчи қатнашиб, муросасиз ўткан аукцион "XOJI-BARAKA" МЧЖнинг 14,5 млрд сўмлик нарх таклифи билан якунланди.
Радар ўрнатиш жойи савдоси тўғрисида ёзганимдан кейин, кўпчилик "қиммат сотилди" деган фикрни айтишди. Лекин ошкора ўтказиладиган савдоларда шундай бўлади. Мулк 10 млрдга арзийдими, 10 млрд сўмга кетади. 30 млрд сўмликми 30 млрд сўмга сотилади. Тадбиркор ҳисоб-китобини олиб аукционда нарх кўтаради. Очиқ аукционда қиммат ёки арзон нарх деган нарса йўқ, фақат бозор нархи бор - бу барака нархи.
Шунинг учун биз доим очиқ аукционни қўллаб-қувватлаймиз. Аукционсиз сотилган юзлаб ер участкалари ва бошқа ҳуқуқлар сабаб давлат бюджети триллионларсиз қолмоқда. Ўрни келганда ҳар сафар буни эслатишда давом этамиз.
Очиқ ўйин қиладиган марду-майдонларнинг эса омадини берсин!
Реклама