13K28Telegramda ochish
Сайловлар олдидан жиддий ижтимоий индексация Кеча 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 10%га оширилиши эълон қилинди. 2021 йил 1 февралдан ҳам кўрсатилган даромадлар 10%га оширилгани инобатга олинса, 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган сайлов олдидан ижтимоий қатлам ва бюджет ходимларининг даромадлари жами 22%га индексация қилингани маълум бўлади. Инфляция 10% атрофида прогноз қилинаётгани инобатга олинса, бу даромадларнинг жуда жиддий тарзда кўтарилишидир. Табиийки, ижтимоий тўлов ва бюджет соҳасидаги маошларга қараб ҳаракат қиладиган бизнес ҳам маошларни ошириш йўлидан юради. Яна бир муҳим масала шуки, биринчи марта қатор ижтимоий нафақаларнинг эълон қилинган минимал истеъмол харажатлари миқдори - 440 минг сўмдан кам бўлмаслиги таъминланди. Ўзи сайловлар олдидан ижтимоий юришлар, қайта тақсимлаш ваъдалари ва даромадларнинг оширилиши бутун дунёда кенг шаклланган маъмурий тажриба. Исталган давлатда сайловлар циклида фискал харажатлар кескин кўпаяди, кам даромадли ёки давлатга боғлиқ қатламларнинг эътибори ва истакларининг қондирилиши катта аҳамиятга эга бўлади. Ўзимизнинг тарихимизга юзлансак. 2016 йил 4 декабрдаги сайловлар навбатдаги эмас, муддатидан аввал юз берган. Шунинг учун бюджет ва ижтимоий соҳада ойлик а нафақалар ошиши фақат бир марта - 15%га юз берган. 2014-15 йиллардаги сайлов циклида икки марта 10%дан, жами 22%лик индексация амалга оширилган. 2008 йилги сайлов олдидан аввал 25%, кейин 20%лик индексацияга, жами 50%лик ойлик ва нафақалар оширилиши белгиланган. Тўғри, бу йилларда инфляция кўрсаткичи анча юқори бўлган, айни вақтда, ўша пайтда асосий экспорт товаримиз бўлган газнинг нархи муттасил ошиб бораётган эди. 2000 йилги сайлов олдидан ойлик ва нафақаларнинг бир марталик 40%лик индексацияси эълон қилинган.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin