Сиёсатчилар микроменежментдан воз кечадиган пайт келди
Вице-премьер Сардор Умурзаков билан давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига тайёргарлик доирасида ўтказилган интервьюни кўра туриб, шундай хулосага келиш мумкин.
Бош вазир ўринбосарлари, вазирларнинг жойларда юриб шахсий масалаларни, шахсий муаммоларни ечишининг вақти ўтди, назаримда. Бу на шараф ва на самара келтирмоқда.
Сиёсатчи ўз номи билан сиёсатчи. У муаммоларни сиёсат билан, яъни тизим яратиш билан ҳал этади.
Бош вазир ўринбосари ёки вазирнинг қайсидир тумандаги тадбиркорнинг кредит ё ер олиши муаммосини ҳал қилиб бериши бу ўша тадбиркордан бошқа барчага зиён. Чунки ҳукумат аъзосининг бир бирлик вақти жудаям самарасиз ишлатилмоқда. Унинг ваколатлари амалда ҳавога совурилмоқда.
Хулоса қандай?
Бозор ҳал этадиган масалаларни бозорга бериш керак. Ҳеч бир чиновник, у ҳатто энг катта раҳбар бўлса ҳам, бозор ҳал эта оладиган масалаларда бозордан самаралироқ ёки ақллироқ бўла олмайди.
Мамлакатга децентрализация керак. Одамлар муаммоларини марказда эмас, маҳаллий бошқарувда ечим топа олишлари лозим. Бунинг учун маҳаллий бошқарув ўша одамлар томонидан сайланиши лозим. Эпоханинг иккинчи қисми муваффақияти ваколатларни жойларда сайланган маъмуриятларга беришга боғлиқ бўлади.
Мамлакатга фақат ўйин қоидаларини яратиб берадиган ихчам давлат керак. Давлатнинг ҳар жойда ва ҳамма вақт бўлиши одамларгаям, бизнесгаям зиён етказаяпти. Ҳатто давлатнинг ўзига ҳам.
Ҳарқалай, интервьюни кўриб мен шундай муждаларни туйдим. Сиз ҳам кўринг.