Харажатли, кутилган, такрорланаётган, ёқимли, умидсизлантирган ва албатта исталмаган (2/2)
Умидсизлантирган
Баъзида кўпроқ ваъдалар кутилади. Масалан, ЯНГИ давр келиши билан энигаям, бўйигаям, узунасигаям тўхтовсиз кенгайиб борган давлат аппарати каррасига қисқариши ҳақида анонслардан умид қилинганди. Афсуски, эълон қилинган тезислар бадтар умидсизлантирди. Ҳеч ким сайламаган, самарасизликнинг энг бадбашара рамзига айланган ҳокимларнинг ваколатлари кенгайишда давом этади. Ихчам давлат орзуси яна 5 йил орзулигича қолади.
- Келгуси беш йилда давлат идоралари штатларини оширишга йўл қўйилмайди. Яъни болалаб кетган бюрократларни қисқартириш шарт эмас .
- ҳокимликлар ўзининг ва ҳудудий ижро идораларининг штат бирлиги ва тузилмаларини кенгаш билан бамаслаҳат мустақил белгилайди.
-боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва таъмирлашга ажратиладиган 4 триллион сўм маблағни тақсимлаш ваколати вилоятларга берилади. Миллиардларни ўғирлаётганларга энди триллионларни ишонамизми?
- маҳаллий ҳокимликлар эса қурилиш-таъмирлаш ишларига жавоб беради. Қўйларни бўрилар ихтиёрига топширамизми?
- аҳолига очиқ танлов асосида, 10 сотихдан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага берилади. Фермерлардан тортиб оламизми?
Исталмаган
Вергул билан олдига Жаҳон савдо ташкилоти ибораси қўшиб кетилган бўлса-да, ушбу ёқимсиз муждалар суверенитетимиз чекланишига етаклайди.
- Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий қадамлар қўйилади.