Сайланмаган ҳокимлар чўнтаги учун яна битта жамғарма
Ҳукумат қарорига кўра вилоят ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари ташкил этилади.
Ерни хусусийлаштиришдан ва ерни ижарага беришдан тушадиган маблағлар шу Жамғармаларда жамланади. Вилоят ҳокимлари ихтиёрида бу жамғармалар тузилиши билан Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси тугатилади.
Бир қарашда тўғри ишдек. Маҳаллий ҳокимият тегишли ҳудудлардаги муаммоларни марказдагилардан кўра кўпроқ билади. Жойларда кун тартибидаги ижтимоий вазифалар, маблағларга зарурият Марказдан кўра тўғрироқ ва оперативроқ ҳис этилади. Айтиш жоизки, Марказдан "пул ундириб келиш" ортидан пайдо бўладиган ножоиз ҳаракатлар ҳам камаяди. Бюджет ва давлат маблағлари тақсимотининг децентрализацияси, яъни бюджет тушумлари тақсимоти ва қайта тақсимоти ваколатларини маҳаллий ҳокимият органларига ўтказилиши жараёни йилдан-йилга кенгаймоқда. Йилдан йилга вилоят ва туман ҳокимлари ихтиёрида янаям кўпроқ пул қолдирилаяпти. Умуман олганда ривожланган дунё трендидаги жараён бу.
Энди масалани иккинчи томони ҳам бор. Биз бюджет ва давлат маблағларини кимларнинг ихтиёрига қолдираяпмиз? Зеҳнияти ва бошқарув тутуми ўтган асрдаги колхоз раислари даражасидаги шахсларгами? Ваколатлари тийилмагани учун феодал қоидаларни жорий эта бошлаган 21- аср феодалларигами? Сўзда ва шиорларда эълон қилинган Ўзбекистон қадриятларини энг кўп обрўсизлантираётганларгами?
Зерикарли ва кўп такрорланувчи саволни яна қайтарамиз:
Ҳеч ким сайламаган, халққа ҳисобдор бўлмаган, тийиб туриш институтлари йўқ, вазифасидан олиб ташлангунча омонат бўлган ҳокимларга миллиардлар ва триллионларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини ишониб топширса бўладими?