Ташқарида kanalidan
Ўз қобиғига ўралиб қолган давлатлар демократия йўлида жиддий ўзгаришлар қилишни истасалар, ишни парламентни янгилашдан бошлайдилар. Сабаби, ҳақиқий сайланган халққа ҳисобдор парламент - халқ истакларини тўғридан-тўғри ифода этади ва бу қонунларда акс этади. Парламентдан, демократиядан мақсад ҳам шу.
Латвия, Литва ва Эстония 1990 йилда парламентларини янгилаб олганлари учун ҳаммадан олдин СССРдан чиқиб кетган. 2004 йилда Грузияда ислоҳотчи Саакашвили президент бўлгач, сайланганига энди икки ой бўлган парламентни тарқатиб юбориб, муддатидан олдинги сайловлар эълон қилган.
2018 йилда Арманистон бош вазирига айланган ислоҳотчи Никол Пашинян парламентни тарқатиб юбориш учун ўзи истеъфога чиққанди. 2019 йилда Украинанинг янги президенти Владимир Зелинский инаугурация пайтидаёқ парламентни тарқатиб юборди, ваҳоланки шундоқ ҳам 4 ой ичида парламент сайлови ўтказилар эди.
Қизиғи, бундай сайловларнинг барчасида эски кучлар камида парламентдаги кўпчилик ўрнини йўқотган, аксарият ҳолларда эса умуман кира олмаган. Ҳар сафар ҳақиқий ўзгаришларни тарғиб қилган янги ҳаракатлар сайловда иштирок этган ва ғалаба қозонган.
2016 йилда ўзгаришлар шаштини кўриб, парламентни тарқатиб юбориш ва исталган сиёсий ҳаракатни рўйхатдан ўтказиб сайловга қўйиш энг биринчи ишлардан бўлишига умид пайдо бўлганди. Аммо вақт ўтиши билан бу умид сўна бошлади, 2019 йилги сайлов кампанияси давомида деярли ўчди, кечаги сайловдан кейин фақат учқун қолди.
Жиддий сиёсий ўзгаришларни янги кучларсиз амалга ошириб бўлмайди (аниқроғи ҳақиқий кучларсиз). Аммо, эски кучларда ҳам яна беш йилни кутмасдан бунга ҳисса қўшиш имконияти мавжуд - янги кучлар иштироки учун йўлни очиб бериш орқали.
@tashqaridaUZ