2020 йил кутилмалари ҳақида (мутлақо субъектив)
2020 йилда 12,5-13%лик инфляция прогноз қилинаяпти. Демак, девальвация даражаси 11%гача бориши мумкин, акс ҳолда курсга босим кейинги йилларда кескин ошиб кетади. Бу курс йил давомида/охиригача 10550 сўмларгача етиши мумкин, дегани. Ҳукумат зўр бериб импортни чеклаётганига қараганда, импортерларни янада қисиш учун, курснинг йил давомида энг юқори даражада кўтарилиши 1- ёки 2- чоракда юз бериши мумкин. Кейин барқарорлик ушланади. Ташқи савдо статистикасини кузатиб боринг.
Жамғармалари мавжуд фуқароларимизга 1- ва 2- чорак кесишмасигача маблағларини сўмда, кейин яна сўмда ушлашларини сўрайман. Йил давомида миллий валютадаги омонатлар фоизлари аста-секин бўлса-да пасайиб боради. Бугунги ўта юқори ставкаларда омонат жойлаштирганлар катта эҳтимол билан йил давомидаги курс фарқи йўқотишларидан ҳам суғурталанган.
Тадбиркорларимизга узоқ муддатли лойиҳалар учун валютада кредит олмасликларини тавсия этаман. Устувор равишда сўмда кредитланишни одат қилинг. Қонунчилик ва таъсир кўрсатувчи қарорларнинг узвийлиги йўқ бўлган ҳозирги даврда реализацияси узоқ давом этадиган лойиҳаларга пул тикманг.
2020 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотишда фаол бўлганлар катта муваффақиятга эришади. Истеъмолчиларнинг корзинаси ва унинг структураси кескин ўзгармоқда. Шуни илиб ололганда ютуқ.
Қурилиш материаллари ва энергия ресурслари нархи ортиши ҳисобига қурилиш соҳасида рентабеллик кескин камаяди. Уй-жой бозори димланиб тураверади.
Ақли бор инвесторлар бу йилнинг ўзида девелоперликдан кетди.
2020 йилда янги даврда биринчи марта иқтисодиётимиз ташқи рисклар билан дуч келиши мумкин.
Каримов 1997 йилда, 2008 ва 2014 йилда бундай рискларни ўзи қадриятича қабул қилган ва асосий реакция мамлакатни ёпиш билан боғлиқ бўлган.
Янги даврда қандай реакция кўрсатилади, билмайман.
2020 йилда ҳам монополиялар турли сабаб-у баҳоналар билан тарифларини оширишда давом этади. Чунки уларнинг тешиклари ва ўғирликларини ёпишнинг ягона чораси шу. Ҳар бир нарх оширилиши яна ислоҳотлар давоми деб аталади.
Коррупцияга қарши "кураш" давом этади. Кўргазмали тарзда яна биронта тизимли балиқ қурбон берилади ва қолган йил бўйича пора олган ўқитувчи, боғча опа, главврач, солиқчи, кадастр кабиларни ушлаш кампаниясини кўрамиз.
Йил давомида четдан келган олигархлар ва ўзимизнинг олигархлар манфаатлари тўқнашувини кўришимиз мумкин бўлади.
Бойлар бойишда, камбағаллар қашшоқланишда давом этади. Ўрта синф янада сийраклашади.
Ниҳоят энергокризисга ички имкониятлар билан барҳам бериб бўлмаслиги очиқ тан олинади. Ўзбекистон ёқилғи энергоресурсларнинг нетто импортерига айланади.
"Сўз эркинлиги"ни янада кучайтириш бўйича янги ва янги ҳужжатлар қабул қилинади. Амалда матбуот ва ижтимоий тармоқлар устидан гибрид ва мақсадли манипуляция янада кучаяди. Бунга хоҳиш ҳам, маблағлар ҳам етарли.
Саналганлар менинг шахсий кутилмаларим. Амалда бошқачароқ бўлиб чиқса, койиб юрманглар. Ҳалигача оптимистман.
@the_bakiroo