21K176Telegramda ochish
Бизнес билан мулоқот керак Солиқ қонунчилиги ва маъмурчилиги бўйича "биз доим ҳақмиз" деган позиция жудаям деструктив. Охир оқибатда солиқнинг асосий рағбатлантирувчи функциясини бузади ва иқтисодий ўсишни секинлаштиради. Янги молия йили бошлангач бизнесда, айниқса ҳокимият эшикларини тепиб киришга қудратли бўлмаган ва одатда жуда тарқоқ кичик бизнесда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ва уларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ жуда кўп эътирозлар пайдо бўлаяпти. Бу энг аввало мулк солиғи бўйича 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматнинг киритилиши (Тошкент шаҳрида – 2 500 000 сўм, вилоятларда 1 500 000 сўм) туфайли солиқ тўловларининг 2-3 бараваргача ошиши билан боғлиқ. Солиқ қўмитаси парламентдаги муҳокамаларда вилоятлар кенгашлари камайтирувчи коэффициентларни қўллаши мумкинлиги ҳақида айтганди. Лекин ҳокимлар назоратидаги биронта кенгаш бу ишга қўл ургани йўқ. Ҳокимиятга яқин ва чатишиб кетган йирик бизнес эгалари ва олигархиянинг бу ўзгаришлардан асло оғриғи йўқ. Чунки уларнинг активлари аксарият ҳолларда ўзлари учун қулай имтиёзлар ва преференциялар, ёки миллий ё ҳудудий лойиҳалар, турли иқтисодий зоналар доирасида фаолият кўрсатади Кичик бизнес шунингдек, e-ijara ва e-aktiv платформаларида рўйхатга олиш муаммоларидан норози. Технологик ўзгаришлар мукаммал ҳолга келгандан кейингина амалиётга киритилиши лозим, улар бизнесни қулайлик ва самарадорлик билан жалб қилиши лозим, мажбурлаш ва директива билан эмас. Ўзгаришлардан фақат солиқ органлари эмас, бизнес ҳам ютиши зарур. Солиқ қўмитасини қўя турайлик. Улар манфаатдор томон. Лекин янги йилнинг иккинчи ҳафтаси тугаётганига қарамай, на Савдо саноат палатаси, на парламент ва на ҳудудий кенгашлар бизнес қўяётган саволларга жавоб бериш тугул, жиддий аҳамият беришни ҳам истаётгани йўқ. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin