Рақамлар бутунлай қадрсизлангани ҳақида
Жиддийликка қайтсак, балансидаги жами автомобиль йўлларининг охирги бирлигигача (шариллатиб айтишича 42 853 км экан), йўл бўйига 2 ва 4 қатор дарахт экилган йўлларнинг узунлигигача (1 253 км, ким текшириб ўтирибди, зато ишончли чиқади, рухсат берилганида метригача аниқликда айтарди) айтаётган раҳбарнинг фоиз ҳисоблай олмаслиги аҳамиятга эга эмас.
Агар давлат раҳбари йўл бўйига экилган дарахтлар сонини сўраганида, йўл вазири дарахтлар сонини ҳам охирги бирлигигача айтган бўларди (яна ўша гап: ким текшириб ўтирипти, ким санаган, ким қайта санайди).
Ёрдамга келган Раматовнинг далдасига кўра, буталар билан ҳисоблаганда (тарихда қолса, фақат шу сўзлари билан тарихда қолади, эслаб қолинг) 10% йўлларга дарахт экилган.
Демак, автомобил йўллари қўмитаси балансидаги 3 032,3 км йўл бўйига бута экилган ёки бутазор. Лекин бу ҳам заррача аҳамиятга эга эмас. Чунки бу Раматовнинг ёрдамчи рақамлари. Комиссия тузиб текширтирилса, ўша комиссияга Раматов раис бўлади.
Тушуниб тургандирсиз, демак, рақам режалар ва эълон қилинаётган рақам натижалар қийматини йўқотиб бўлди. Бутунлай. 75 миллион, 50 миллион дарахт, исталган режа қўйилсин, ўзбек чиновниклари ортиғи билан бажаради. Экилган дарахт соними, инфляциями, экспорт кўрсаткичими ё даромадларнинг ўсишими, фарқи йўқ.
Демак, муаммо рақамларда, ҳисобланган фоизларда эмас. Муаммо нотўғри иқтисодий кўрсаткичларда ҳам эмас. Режаларда ҳам эмас.
Нима унда муаммо? Аниқ билмайман.
Қиёсан айтганда, муаммо юқори энди эскичасига ишлашни истамаётганлигида, атрофдагилар ва пастдагилар эса бошқача ишлашни билмасликларида, дегим келади. Лекин муаммо илдизи бунданам чуқурроққа ўрнашганга ўхшайди.
@the_bakiroo