"Биз нотўғри йўлдан кетмаяпмиз-ми?"
Тошкент тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаевнинг жамоатчиликка мурожаатини Газетаўз жузъий таҳрирлар билан тақдим этмоқда.
Домланинг фикрларидан айрим иқтибослар:
"Илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олди. SCOPUS`да мақола чиқариш худди Шўролар даврида қандай бўлмасин пахта планини бажариш каби бўлиб бормоқда. Илмий Кенгашда Ректорлар кафедра мудирларига очиқдан-очиқ «Кўпроқ мақола ёзинглар ва бизнинг институт топ 1000 таликка кириши керак» деб қайта-қайта ёшлар олдига режалар қўйиб ташламоқда. Натижада деярли 80−90% илмий мақола ҳаводан олиб ёзиб ташланмоқда, айниқса тиббиётда ана шундай ачинарли аҳвол".
"Давлатни талон-тарож қилган, юртга миллиардлаб талофатлар келтирган ва оддий халқни уй-жойдан маҳрум қилган бу сиёсатчилар ўзларининг жирканч кирдикорларини ёпди-ёпди қилиш мақсадида Фанлар Академияси ходимларини тулки ва кўрсичқон инини излаб топишга юборишган. Бу воқеани мен мисли кўрилмаган бедодлик ва шармандалик деб ҳисоблайман. Бундайлар учун на олимнинг, на илм-фаннинг қадри бор".
"Нега шундай муқаддас юрт тақдирини бир ҳовуч лаганбардор, коррупционер ва халқ олдида бир пуллик обрўси йўқ баъзи ҳоким ва вазирларга топшириб қўйдик? Вилоят ҳокими қайсидир туман аҳолиси унга ёқмагани учун, ушбу туманни харитадан ўчириб ташлайман деса, яна бири ўзи ҳақида шеър айттирса, яна бири президентга ёқиш учун бир муддат темир вагонга кириб яшаса, бошқа бири ўқитувчиларни бутун юртга калака қилса, бошқа бири пиёда юрсанг Дубайга юбораман деса ва ҳ.к. ва ҳ.к. Қани сиёсий илм? Қани фаҳм-фаросат? Қани мантиқ? Ҳамма ёқни ёлғон босдику! Уялмайсизларми?".
"Баъзи Вазирлар таълим жараёнини зудлик билан тўхтатиб минглаган талабаларни вилоятларга одамлар бўйни ва қорин айланасини ўлчашга юборса, профессорлар ОТМ да ўтириб дарс ўтиш ва лабораторияда илм билан шуғулланиш ўрнига маҳаллама-маҳалла юришга мажбурланса. Бу беъманиликни кети борми? Қани менга айтингчи? Бундай ишларда мантиқ борми? Бунақада илм-фан маҳалла даражасига тушиб қолмайдими? Ахир ҳар ким ўз ишини қилиши керак эмасми?"