Iqtisodchi Kundaligi kanalidan
Россиянинг келажаги ҳақида икки хил экстремал қараш борга ўхшайди.
Бири — бу «Россияга деярли ҳеч нима ўзгармайди, ҳаёт худди 2014 дан кейингидек давом этади ва санкциялар бу шовқин» деган қараш. Иккинчиси — «бир неча ойда Россияда очарчилик бошланади ва бу сиёсий ўзгаришга ва мамлакат тўкилишига олиб келади» деган қараш.
Биринчиси аниқ хато эканлигини кўрмоқдамиз — даромадлар тушади, ишсизлик ва инфляция ошади. Яъни Россияликлар иқтисодий қийналиши табиий. Камбағаллик камида икки баробарга ошади ва энг иқтидорли қатлам иложи борича тезроқ мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилади.
Иккинчи сценарий ҳам хато бўлиши эҳтимоли баланд — агар Россия ҳукумати бошқа хатолар қилмаса — очарчилик ва мамлакат тўкилиб кетмаслигини таъминлаши мумкин ва унчалик қийин эмас. Қандайдир маънода, ёмон ҳаётга одамлар кўникишади — чунки бошқа иложи ҳам йўқ. Агар қаттиқ нарх назорати ва импортни чекловчи чоралар кўришмаса — очарчилик бўлмаслиги деярли кафолатланган. Россия ҳали ҳам кўп нефть ва гази бор (уни қазиб чиқариш қимматлашса ҳам), уни иккиламчи бозорларда ўртакашлар орқали катта дисконтга сотиб кун кўра олади. Ёки дисконтга, пул келиши учун сотади, масалан, неча йилдирки, Россия зарарига Хитойга газ сотади, энди шу зарар коэфитсенти кўпаяди ва нефтга ҳам тааллуқли бўлади. Тўғри, бу яхши ҳаёт эмас, лекин очарчилик ва мамлакат тўкилишини олдини олиш учун етарли. Энг муҳими — ижтимоий тартибга масъулларнинг даромадлари, яъни хавфсизлик хизматлари ва полициянинг даромадлари нисбий равишда тушиб кетмаса — тузум анча барқарор бўла олади. Инсонлар, айниқса ахборот олиш имкониятлари чекланган инсонлар, жуда узоқ муддат ичида энг ваҳший, қашшоқ ва эрксиз тузумни чидай олишади. Масалан, Шимолий Кореяда очарчиликлар бир неча марта бўлганига қарамасдан — тузим ҳали ҳам барқарор. Яъни узоқ муддатда ҳам бундай тузумлар яшай олади. Россия эса, албатта Шимолий Корея эмас.
Россия Эрон ва Шимолий Кореядан кўра анча яхшироқ аҳволда — биринчидан цивилизация билан улайдиган катта оғаси бор. Тўғрироғи, ҳозир мавжуд эмас ҳали, энди бўлади. Шимолий Корея Хитой учун жўяли бирор нарса таклиф қила олмайди — Россия эса кўп табиий бойликларини жуда арзон нархда ягона харидорга таклиф қилиб, эвазига керакли технологиялар ва очарчиликни олдини олишга етарли бошқа нарсаларни ола олади.
Умуман олганда, мен пессимистик сценарийни ҳам оптимистик сценарийни ҳам реалистик деб билмайман.
Ўйлайманки, узоқ муддатда, Россия ўрта даромадли, дунё билан интеграциялашуви анча чекланган, жуда ҳарбийлашган, эркинликлар анча қисқарган ва Хитойга жуда қарам мамлакатга айланади. Амалдаги тузум барқарор бўлади, катта кўламли очарчиликлар ҳам кутилмайди. Бундай мисоллар тарихда кам, лекин назарий жиҳатдан имконсиз эмас. Қайтараман, Россияда даромадлар шартли Эрон даражасига тушиб қолишига ҳали анча бор.
Сиёсий тузум жойида турса, кўзга кўринарли эмас («шунга санкциялар таъсири йўқ» жамоаси буни тез пайқамайди), лекин йилдан йилга кескин регрессни кўрамиз холос.