Умрида овоз, электорат ва мафкура учун курашмаганлардан ҳайрон бўлмаслик керак
Номзоди охирги сайловларда 3,4% (549 766) овоз олган "Адолат" партиясининг вакили "Ташаббусли бюджет" лойиҳалари учун овоз йиғиш учун кетаётган курашларни тиланчиликка тенглаштирипти.
Аввалроқ шу партия деб аталадиган ташкилот ўзи бусиз ҳам Ўзбекистонда блокда бўлган TikTok тармоғини бутунлай блоклашни таклиф этгани билан ўзига эътибор қаратганди.
Ўзбекистонликлар орасида тайинли қўллови йўқ адолатчилар учун албатта жамиятнинг ижтимоийлашаётганлиги, ҳар бир ўзбекистонлик бюджет тақсимловчиларига айланаётгани, бюджетни эмиб ётган ҳокимтўраларнинг қўли калта қилинаётгани ёқмаслиги табиий. Чунки улар ҳамиша тайинланиб келган, чунки улар ҳамиша аввалдан қабул қилинган қарорлар учун қўл кўтарувчи илова ролида бўлган.
Замонавий бюджет сиёсати лойиҳалар, ҳаражатлар, тийинлар учун очиқ рақобатдан, қўллов ва эътибор учун аёвсиз курашлардан иборатлигини булар қайдан билишсин?
Шунинг учун улардан асло ҳайрон бўлмаслик керак.
Умуммиллий ҳаракатга айланган ва бугун 6 миллиондан кўп овоз йиққан "Ташаббусли бюджет" лойиҳалари ҳали халқимизнинг кўп оғриқли муаммолари ва дардли ташаббусларини ечишда кўмакчи бўлади. Статистик хатолик даражасида қўлловга эга Адолат номини ўзлаштирган партия эса биринчи эркин сайловлардаёқ йўқ бўлиб кетади. Шуни эслаб қолинг.
@the_bakiroo