15K68Telegramda ochish

Muhrim / Муҳрим kanalidan

Куни кеча зўр тантана билан ўтказилган Тошкент инвестиция форумида неча-неча “чет эллик нуфузли ҳамкорлар” форум ва умуман Ўзбекистон ҳақида дунёга жар сололмай, хафсаласи пир бўлибди. Улар Twitter’дан фойдаланаркан, бизда эса, хабарингиз бор, бу сервис де-факто блокланган (фақат Танзила опада блокланмаган бўлиши мумкин, лекин бу ҳам аниқ эмас). Жуда ғалати. Миллиардлаб долларлар келсин деб (ростдан ҳам шундай самимий мақсад борми ўзи — бу ҳам қизиқ бир савол) миллионлаб долларлар сарфлайсан, катта тадбир уюштирасан, казо-казоларни чақирасан. Ўзбекистонга биринчи марта келган миллиардерга зўр тақдимотлар қиласан, ошларга тўйдирасан, умрида кўрмаган кафолатларни ваъда қиласан. “О!”, дейди у, таассуротлари ва Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи экани ҳақида чин кўнгилдан ёзмоқчи бўлади-ю,.. пақ! Твиттери очилмаяпти. Нега, деб сўрар миллиардер, эҳтимол. Серверларини Ўзбекистонга кўчирмагани учун блоклаб қўйганмиз, дер бизникилар, балки. “Жиннироқ эмасмисизлар, сал-пал?” деб ўйлар Ўзбекистонни билганига атиги бир неча соат бўлган, лекин биз барибир танимайдиган бу миллиардер. Тўғриси ҳам-да — ундан бошқа яна юзлаб миллиардерлар, минглаб миллионерлар фойдаланадиган миллиардер тармоқ — Twitter қандай важ, қандай сабаб билан Ўзбекистонни билиши, Ўзбекистоннинг талабларини бажариши керак ўзи? Ўзбекистонда унинг 35 миллион, ҳеч йўғи 3,5 миллион фойдаланувчиси бўлса ҳам майлига эди — бундан каррасига кўпроқ ўзбекистонлик фойдаланувчига эга Telegram ҳам вақти келса «ҳурматимизни жойига қўй»майди-ку (дарвоқе, нега Telegram ҳали ҳам блокланмаган — ахир у ҳам қонун талабини бажармаяпти-ку, нега стандартлар бундай икки хил?). Бу озод ва бадавлат инсонга тўй ошимиз ва кафолатларимиз ёқиши аниқ, аммо интернетга, бўлганда ҳам энг оммабоп сервисларга “яхши ният” билан тўсиқлар қўйиш одатимиз, изоҳи йўқ икки хил стандартларимиз ёқмаса керак, деб қўрқаман. Бу Ўзбекистонни билмаган, лекин уни яхши кўргиси келаётган одам учун яхши сигналлар эмас. Нормал дунё бундай нонормал тўсиқларни, икки хил стандартларни нормал тушунмайди, қабул қилмайди. Бундай тўсиқларни тушуниш ва қабул қилиш ўринсиз ва умуман имконсиз ҳам.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin