Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар туфайли
Товба. Агар Ёзёвон туманидаги фермернинг мана бу раддияси бўлмаганида Ўзбекистонда блокланган Озодликда “Пахта, кластер ва селектор” мақоласи чиққанини билмаган бўлардим.
Тижорий асосда, яъни фермер тўлаган ҳақ эвазига реклама ҳуқуқида жойланган ушбу мақоладан кейин ўша блокланган сайтдаги мақолани нафақат мен, бошқа минглаб фойдаланувчилар ҳам ўқиб кўришга қизиқишлари аниқ.
"Пастернакни ўқимаганман, лекин қаттиқ қоралайман" қабилида ёзилган раддия услуби яна тикланаётгани таажжубли ростанам.
Ўзи нега таажжубланиш керак?
Мамлакатда дунёнинг фикр тарқатувчи ижтимоий тармоғи - твиттер блокланган. ВПНсиз кириш мумкинмас. Твиттерни блоклаганлар нега фейсбук, инстаграмларни блокламаяпсизлар, улар ҳам серверларини серқуёшга кўчириб келишмадику, дейишга қўрқасан. Ахир карнайчидан бир пуф, қўшнимиз Туркманистон бўлса.
Лекин ўнлаб ўзбек чиновниклари, улар орасида мамлакат сенатининг раиси ҳам бор, ўзининг аудиториясига, асосан ташқи аудиторияга айнан твиттер орқали мурожаат этишади. Ахир твиттер бу мода, "как в лучших домах Европы", "так одеваются в Парижах". Твиттери борми, демак одамхўр эмас, қаранг, инглизчаси ҳам тузуккина, ўзимиздан экан деб ўйлашлари осон ва табиий.
Гўл ғарбликларни алдаш нақадар осон ва балки ёқимли а?