Январь-февралда қарийб ярим миллиард долларлик озиқ-овқат импорт қилинган: импортнинг учдан бири Россия, Украина ва Беларусдан
2022 йилнинг дастлабки 2 ойида жами 499,5 млн.долларлик озиқ-овқат импорти амалга оширилган. Шунинг 157,2 млн.долларлик қисми можарога тортилган Россия, Украина ва Беларусь ҳиссасига тўғри келади.
Биринчи рақамли озиқ-овқат импорти манбаи Қозоғистон бўлиб қолмоқда. Қўшниларимиздан 2 ойда 180,1 млн.долларлик озиқ-овқат келтирганмиз. Қозоғистонга буғдой, ун ва ўсимлик ёғи масаласида боғлиқлигимиз ўта юқори.
Яна бир эътиборли жиҳат маргарин импортининг ошаётганлиги билан боғлиқ. Ўтган 2 ойда маргарин импорти 5,2 баробарга ошган. Маргарин коди билан балки бошқа озиқ-овқатлар импорт қилинаётган бўлиши ҳам мумкин.
Шунингдек, гўшт (2 баробар), картошка (2,9 баробар), банан (2,1 баробар), мандарин (2,1 баробар), олма (11,6 баробар), арпа (3,3 баробар) импорти юқори суръатда ошганини таъкидлаш мумкин.