Уй-жой нархларининг ўсиши янада тезлашган
2022 йил 1-чораги давомида иккиламчи бозорда уй-жой нархлари 10%га қимматлашган. Энг юқори ўсиш суръати март ойига тўғри келган.
Бу Марказий банк уй-жой нархлари мониторингини йўлга қўйгандан буён энг юқори ўсиш рақамларидир. Ҳозир очиқ манбаларда тарихий маълумотлар мавжуд эмас, лекин бундай юқори суръатлардаги ўсиш 2002-2004 йилларда кузатилган эди.
Регулятор нархлар ўсишини миллий валюта курсидаги тебранишлар ва валюта рискларини минималлаштиришга қарши ҳаракатлар натижаси дея баҳоламоқда.
Шунингдек, Марказий банк бирламчи бозордаги нархларни ҳам кузатишни бошлаган. Ўрганишларга кўра, биргина март ойининг ўзида Тошкент шаҳрида нархлар 9%га кўтарилган ва 1 кв.м уй-жой нархи ўртача қарийб 9 млн.сўмга етган.
Республика бўйича энг арзон уй-жой бирламчи бозорда ҳам, иккиламчи бозорда ҳам Сирдарёда бўлиб қолмоқда. Сирдарёда уй-жой нархи аҳолиси ўта зич Фарғона водийсидан 1,5 барабар, Самарқанддан 3 баробар, Тошкентдан 3,5 баробар арзон. Бундай ҳолат ҳатто кўчишни унча истамайдиган ўзбекистонликлар учун ҳам узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин эмас. Назаримизда уй-жой ҳаддан зиёд арзон бўлган Чирчиқ, Ангрен ва Оҳангаронда бундан 10 йиллар аввал юз бергани каби ҳодисаларни Сирдарёда ҳам кузатишимиз мумкин бўлади.
Уй-жой нархи билан бир қаторда ер нархи ҳам юқорилаб бормоқда. Аввалроқ Ер 2022 йилда қимматлашадиган энг асосий актив бўлиб қолиши ҳақида кутилмаларимизни эълон қилган эдик.