Танловсиз қолдирилган истеъмолчини ҳар кўйга солса бўлади
Чилонзордаги Atlas'да йиртиқ маиший техникалар учун уюштирилган распродажадан бирон нима ҳарид қилиш илинжида тонг сахардан тўпланган оломонга нисбатан ижтимоий тармоқларда турлича муносабатда бўлинмоқда.
Айримлар, тўғри улар кўпчилик эмас, йиртилган, туртилган, қирилган техника учун инсоний қадр ва ўлчовларни қуйига туширмаслик кераклиги, одамларимиз ўзини ҳурмат қилиши лозимлиги ҳақида ёзишмоқда.
Лекин бир нарсани унутмаслик зарурки, бу ерда эрта тонг сахарда рўзғоримга бир кор бўлар деб келган юртдошларимиз томон бир салбий сўз айтишда жудаям эҳтиёткор бўлиш керак. Уларда танлов борми? Ўзи дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бирида яшаётган бўлса-да, энг кам даромадли тоифада иккинчи авлод умри давомида қолаётганига қарамай (бу кетишда учинчи авлод ҳам қашшоқликда давом этади) аждарҳо тарифларга ва чекловларга дучор қилинаётганлар эмасми шу ватандошларимиз?
Айблаш зарур бўлса, аждарҳо тарифларни ва охири тугамайдиган чекловларни яратиш, одамларимизни камбағаллаштириш ва шу орқали миллиардларни ўзлаштираётганларни, гўёки бағри кенглик қилиб йиртиқ техника учун 70% чегирма эълон қилаётганларни айблаш керак эмасми?
Ўзбекистонликлар 70% чегирма билан тақдим этилаётган асқотларни эмас, нормал дунёдаги каби сифатли, кафолатли ва арзон техникаларни олишга муносиб ва ҳақли. Лекин бунинг учун аввал айб кимда ва хато қаерда эканини ўзимиз учун яна бир бор аниқлаштириб олишимиз зарур.
P.S. Сотувлар тўхтатилгани айтилмоқда.