Мўъжиза рўй бериши керак
Жамшид Қўчқоровдан иқтибос:
«Бизнинг прогнозларимизга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси сони 40 млн кишига етади, ялпи ички маҳсулот эса 160 млрд долларни ташкил қилади. Бу эса аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 4000 АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Халқаро молия институтларидаги ҳамкорларимиз бу жуда катта мақсад, деб айтишди. Ҳа, биз буни тушунамиз. Лекин ўйлаймизки, давлатимиз раҳбари раҳбарлигида бу мақсадга эришамиз».
Кўпчилик, улар хорижлик ҳамкорларми ёки тармоқнинг оддий фойдаланувчиларими, 8 йилдан кейин 160 миллиард долларлик ЯИМ бунёд бўлишига ишонишмаяпти.
Лекин бу мумкин.
Бунинг учун:
Коррупционерлар билан чатишиб кетган олигархия бизнес манфаатларига хизмат қилаётган протекционизм сиёсатидан росмана воз кечишимиз ва глобал бозор ва меҳнат тақсимотининг бир бўлагига айланишимиз зарур.
Коррупционерлар юқори кабинетларда эмас, Жаслиқда ўтириши, олигархлар эса, улар ичкариданми ё ташқариданми, қарор қабул қилишдан буткул узоқлаштирилиши, агар бунга кўнмаганлари бўлса, коррупционерларнинг Жаслиқдаги камерасига қўшни бўлишлари лозим.
Давлат ишлаб чиқарувчи ё бир гуруҳ ишлаб чиқарувчиларни эмас, Рақобатни қувватлаши лозим. Давлатнинг иқтисодиётда бевосита қиладиган нимадур иши бўлса, бу фақат монополияга қарши курашдан ёки чеклашдан иборат бўлиши керак.
Давлатнинг асосий иши сифатли ижтимоий неъматлар — Таълим, Тиббиёт Хавфсизлик ва Эркин ахборотга эркин имконият яратишдан иборат бўлиши зарур. Қолганини Иқтисодиёт ва жамият яратиб олади.
Бир бирини ўзаро тийиб турувчи ихчам ва ҳисобдор ҳукумат, мустақил суд, жамиятда барча қатламлар кайфиятини акс эттирадиган инклюзив парламент зарур.
Конституция, зарурат туғилса, унга ўзгартиришлар ҳам чексиз муддат ва чекланмаган ҳокимиятни мустаҳкамлашга эмас, Жамиятнинг очиқлигига, Ҳуқуқларнинг кафолатларига ва Давлатнинг суверенитетига хизмат қилиши зарур.
Кўраяпсизми, қанчалар осон ва айни пайтда имконсиз. Қисқаси, мўъжиза юз бериши керак.
@the_bakiroo