Ташқи қарзнинг қисқариши узоқ муддатли трендми?
2022 йилнинг биринчи чорагида тўлов баланси, халқаро инвестицион позиция ва ташқи қарз бўйича ҳисобот билан танишганлар Ўзбекистон Республикаси умумий ташқи қарзи 2022 йил бошига нисбатан 1,8 фоизга ёки 721,5 млн. долларга қисқарганига эътибор қаратдилар.
Бу ҳодиса яна давом этадими?
Аввало айтиш керакки, молия йилининг 1- чораги кўпроқ қарзларни қайтариш даври ҳисобланади. Масалан, ўтган йили ҳам ташқи қарз ҳажми биринчи чоракда жуда секин ўсган. Ҳатто ташқи қарз таркибидаги давлат қарзи, янги қарз олишдан кўра кўпроқ қарз сўндирилиши эвазига, бироз камайган ҳам.
Иккинчидан, Федерал захира ва Европа Марказий банкининг қаттиқлаштириш сиёсатининг фаол фазага киргани халқаро бозорларда қарз ва капитал нархини кескин оширишни бошламоқда. Энди 2020, 2021 йилдагидек халқаро бозордан Ўзбекистонга ўхшаган мамлакатлар ва уларнинг корпорациялари учун 3-4 фоизлик қарз маблағларини жалб қилиши жуда қийин бўлади. Охирги 2 йилда янги қарзларни жалб қилишга эски, қимматроқ қарзларни қайта молиялаштириш учун ҳам кучли туртки берарди. Энди пул ва капитал нархи кескин ошган шароитда тийилишга мажбур бўлинади.
Учинчидан, кўпроқ халқаро молия институтлари каналлар орқали маъқулланган, лекин ўзлаштириб улгурилмаган кредит ва қарзларни ўзлаштириш давом этади. Нисбатан арзон ва инфратузилмавий лойиҳаларни молиялашга йўналтириладиган янги қарзларни жалб қилиш ҳам давом этади.
Умуман айтганда, ташқи қарзнинг ўсиши яқин ва ўрта истиқболда барибир яна давом этади, лекин бироз секинлашади. Узоқ истиқбол бўйича ҳозирча бир нарса дейиш қийин, бу мамлакатнинг очиқ қолиши, демократик ва сиёсий ислоҳотларнинг ортга қайтиши ё қайтмаслигига ҳам кўп даражада боғлиқ.
Нима бўлгандаям, буёғига кўпроқ инвестициявий жозибадорликни оширишга, бу орқали қарз ва кредитлар эмас, тўғридан тўғри инвестицияларни жалб қилишга кўпроқ урғу бериш керак бўлади.