Ҳатто Беларусь ҳам рубль босқинидан ҳимояланишни бошлади. Биз ҳали жиммиз
Постсовет маконида миллий валюталарнинг доллар ва еврога нисбатан мустаҳкамланиши, рублга нисбатан эса қадрсизланиши давом этмоқда (бу сиёсат Россияга қўшни сателлит ва қарам-вассал давлатлардан импортни ҳаддан зиёд манфаатли қилиш учун амалга оширилмоқда).
Бир муддат мазкур жараённи (собиқ) мустамлака ўлкалар индамай, жимгина, оғзига толқон солиб кузатишди (балки жим туриш буюрилгандир). Лекин мана энди бунга қарши чоралар қўлланила бошланди. Аввалроқ дадил ҳаракатларни Қозоғистон мисолида кўргандик.
Энди ҳазилакам эмас, нақ Россиянинг иттифоқчиси Беларусь рубль ноғорасига ўйнашни истамаслигини намоён эта бошлади. Ўтган ҳафтада барча Беларусь банклари "Мир" карталарига чекловлар ўрнатганди. Хусусан "Мир" карталаридан ҳафтасига 500 беларусь рублидан кўп бўлмаган нақдлик ечиш, гар нақд ечиш банк кассаларида амалга оширилса, 15% комиссия тўлаш тартиби жорий қилинди. Мазкур ҳаракатлар Россиядан "карта туризми" схемаси бўйича ёпирилиб келаётган рус ўрдасига қарши превентив чоралар бўлишига ишонилмоқда. Чунки Беларусга ташриф буюраётган россияликлар биринчи навбатда "Мир" карталаридан нақд ечиш ва нақд валюта харид қилиш ҳадисини ўзлаштириб олишганди.
Қайд этилган чоралар камлик қилгани чоғи, бу ҳафтадан бошлаб Беларусь банклари VISA, Mastercard, UnionPay тизимлари бўйича ҳам картадан нақд ечишга чекловлар ва аждарҳо комиссиялар кирита бошлашди. Шунингдек, хориждан нақдсиз юборилган ўтказмаларни картага кирим қилишга ҳам 15%гача тўловлар жорий этилди.
Маъмурий йўл билан бошқариладиган беларусь банклари шу йўл билан нақд валютанинг оқиб кетишини ва рубль хуружини олдини олиш имкони бўлади деб ишонмоқда. Кўрамиз, балки ростанам кор қилар.
Маълумот учун, ўтаётган ҳафтада ўзбек банкларида нақд валюта етишмовчилиги (вилоятларда доллар, Тошкентда евро) яна муаммоли масалага айланди. Тижорат банклари Россия манфаатлари учун транзит маконга айланиб бораётган Ўзбекистонда кун сайин эмас, соат сайин нақд валютага ошиб бораётган талабни қондиришга улгуришаётгани йўқ.
@the_bakiroo