Давлат тасарруфидаги ташкилот ва корхоналарни хусусийлаштиш борасида янгилик бор
Конституцияга киритилаётган ўзгаришлардан бири 53-моддага оид. Унга кўра, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.
Узоқ йиллар давомида давлат яхши менежер эмаслиги, хусусий қўллардаги бизнес кўпроқ самара бериши ҳақида кўп гапирилди. Аммо хусусий бизнес ривожланиши учун киритган инвестиция дахлсизлиги шарт ва муҳим эканига етарлича эътибор берилмади.
Ҳолбуки мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бозор иқтисодиётининг ажралмас қисми, давлат мулкидан янада самарали фойдаланиш, иқтисодиётга давлат аралашувини чеклаш ва хусусий сектор улушини кенгайтириш воситаси ахир.
Эсингизда бўлса, тараққиёт стратегиясида ҳам давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк активларида хусусий сектор улушини 60 фоизгача етказиш вазифаси қўйилган.
Хусусийлаштиришнинг асл моҳияти бозор иқтисодиёти шароитида мустақил ва самарали фаолият юрита оладиган корхоналарни бошқариш юкидан давлатни озод қилиш мақсадида ресурсларни давлат секторидан хусусий секторга ўтказишдан иборатдир. Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик функцияларни бажариш учун давлат томонидан молиялаштирилиши зарур бўлган стратегик аҳамиятга эга давлат мулки объектлари фаолиятига эътибор қаратиш имкониятини беради.
Айни вақтда таклиф этилаётган Конституцион қоидалар фақат рақобатли очиқ савдо, аукцион, конкурс ва танловларда иштирок этиб, мулкнинг бозор қийматини тўлаганларгагина қўлланилса янаям тўғри бўларди.
@the_bakiroo