Йирик солиқ тўловчилар: топ рўйхатда Ucell, ФНҚИЗ, SEG, Кока-кола, цемент заводлари қани?
Давлат солиқ қўмитаси ўтган ҳафтада 2022 йил ярим йиллик якунлари бўйича йирик солиқ тўловчилар рўйхатини эълон қилди.
Эътибор берган бўлсангиз, ўтган йилларга нисбатан жами солиқ тушумларида НКМК ва ОТМК тўлаётган солиқларнинг улушлари сезиларли даражада пасайган. Аввалги йилларда мазкур икки гигантга бюджет даромадларининг учдан бир қисми тўғри келарди.
Табиийки, илгари йирик тушумлар фонида бошқа йирик солиқ тўловчиларнинг ўрни унча билинмай кетарди. Лекин вазият ўзгараяпти, олтин ва мис нархлари иккинчи ойдирки тинимсиз пасаймоқда. Демак, тушумлар барқарорлигини таъминлашда бошқа йирик солиқ тўловчиларга ҳам эътибор қаратиш керак бўлади.
Мени қизиқтирган нарса шуки, 2018-2019 йилларда йирик солиқ тўловчилар рўйхатида бўлган Ucell, ФНҚИЗ, SEG, Кока-кола, цемент заводлари охирги йилларда топлар қаторидан тушиб қолди.
Мутлақо тасодифга кўра уларнинг йирик солиқ тўловчилар рўйхатида кўрмай қўйганимиз мазкур активларнинг "хусусийлаштирилиши" ёки дўст-биродарларга тортиқ этилиши, қўлдан қўлга ўтиши билан бир вақтда юз берди.
Ўзингиз ўйланг, нега Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Топ солиқ тўловчилар рўйхатида бор, лекин Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи рўйхатда йўқ?
Нега шунча актив ва конлари тортиб олинган Ўзбекнефтегаз йирик солиқ тўловчилар рўйхатидан тушиб қолмади, лекин Ўзбекистонда нимаики қиммат актив ва конлар бўлса ўзлаштираётган, хусусан Ўзбекнефтегазнинг энг салоҳиятли актив ва конларини ўз ҳисобига ўтказиб олган Sanoat energetika guruhi йирик солиқ тўловчилар қаторида эмас?
Балки улар мисли кўрилмаган имтиёзлар ва преференцияларга эга бўлгани учундир?
Энди ҳамма ўзлаштиришларни ва хатоларни олтин ва мис нархлари ювиб кетавермайди.
Бюджет дефицити, кўп-кўп ваъдаларга қарамай, бу йил ҳам яна 4%га етиши айтилмоқда. Бюджет дефицити ошди, дегани ё ташқи қарз янада тезроқ кўпаяди дегани ёки инфляция ошади дегани. Балки бу практикани тўхтатармиз?
Ucellни, цемент заводларини эгаллаб олганлар, рақамчи олигархлардан солиқ тўлашни талаб қилишга ўтармиз? Sanoat energetika guruhi Ўзбекнефтегаздан кам солиқ тўламаслиги керак, буни уларга эслатиш керакдир энди? Яна бир чўнтак - фалон минг ишчи билан мақтанадиган Артель-Акфа тўлаётган солиқлар нега уларнинг кўламига ҳеч мувофиқ эмас?
Ўйлаб кўринг.
- https://t.me/soliqnews/8627@soliqnews