Садир Жапаровнинг вакили Ўш аэропорти ва Дўстлик чегара пунктидаги вазиятни ўрганган
Қирғизистон Президенти Жапаровнинг Ўш вилоятидаги вакили Зиядин Жамалдинов бугун Ўшда маҳаллий полиция, чегара ва божхона хизматлари вакиллари иштирокида мажлис ўтказган. "Биз Ўш аэропорти орқали ҳаракатланаётган хорижлик ва қирғизистонлик фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашимиз керак", - деган у.
Тушдан кейин Ўш аэропортида хавфсизликни таъминлашга қўшимча битта милиция ротаси ва махсус полк ҳарбийлари жалб қилингани ҳақида маълумот тарқалган. Шу кунгача аэропортни фақат транспорт милицияси қўриқлаб келган.
Хабарларда шунингдек, Дўстлик постидан Ўш аэропортигача маршрут қатнови йўлга қўйилиши ҳақида таклифлар илгари сурилган.