Саммитлар нархи ҳақида
Муҳримбойнинг киноя ва ташбеҳлари беихтиёр саммитлар нархи ҳақида мулоҳазаларга чорлайди.
Шу пайтгача ўтказилган ШОС саммитлари орасида энг қиммат саммит дея 2015 йилда Уфада ўтказилган саммит айтилади. Дастлаб саммитнинг қиймати ўша вақтдаги курс бўйича 2 млрд.долларга баҳоланган. Кейин бу қиймат яна 50%га ошиб, 3 млрд.долларгача етгани мухолифлар тарафидан кўп танқид қилинган. У пайтда Россияда мухолифларни ейишга, қамашга, захарлашга ўтилмаганди. Лекин нимаики тадбир бўлса, у олимпиадами, жаҳон чемпионатими, универсиадами ёки саммитми чексиз, чегарасиз маблағ ишлатиларди,чексиз ва чегарасиз ўғирланарди. Бизникилар, шимолдаги собиқ оғаларга гарчи кўп тақлид қилсаларда, кўламда улги олсаларда, уларга ета олмаймиз. Имкониятларимиз чекланган.
Самарқанд саммити бевосита ва билвосита харажатлари билан қанчага тушгани ҳақида шу пайтгача бирон маълумот берилгани йўқ. Берилмасаям керак. Чунки бу борадаги харажатларни ўлчовчи ва баҳоловчи механизмларнинг ўзи тўғри ва етарли эмас. Хусусан, кўп харажатлар норасмий, шериклик (сиздан угина, биздан бугина) тарзида рўй берган. Яъни нисбий йўқотишлар ўрнини ҳисоблаш имконсиз.
Дарвоқе, бугун Ўзбекистон бюджетининг дефицити ўтган яримйилликда ЯИМга нисбатан 3,7%га етгани эълон қилинди. Сўмда ҳисоблаганда бу 14,4 трлн.сўм дегани. Дефицитнинг шаклланишида, масалан, Самарқанд саммитининг ўрни ҳақида фикр айтиш барибир имконсиз. Қолаверса, кўп харажатларнинг юки иккинчи ярим йилликка ўтади. Иккинчи яримйилликда эса дефицит, бизга бу ҳақда олдиндан анонс беришган, янада кўпроқ ошади.
- https://t.me/muhrim2022/846@muhrim2022
- https://www.kommersant.ru/doc/2120808kommersant.ru