Яхши фармон, лекин шу ердаям протекционизм
2022 йил 1 октябрдан бошлаб, жисмоний шахсларга қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади. Шунингдек, истеъмолчилар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ишлаб чиқарувчи корхоналар, етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи корхоналар, савдо объектларидан, шу жумладан электрон тижорат воситалари орқали сотиб олинганда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади. Зўр-а, шундай эмасми. Яшил энергиядан фойдаланиш томон жуда катта қадам.
Лекин лекини бор. Қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмалари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлиши керак. қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларники бўлиши зарур. Ҳатто сотувчилар ҳам маҳаллий бўлиши керак. Лоббистлар шу ердаям ниқобланган протекционизмни қўллашган.
Яшил энергиядан фойдаланиш бўйича энг илғор технологияларни қўллаётган Корея, Нидерландия, боринг ана Туркия ускуналарини олсангиз, имтиёзлар йўқ.
Маҳаллийлаштириш шиорлари билан Ўзбекистонни 30 йилдан буён шимиб, камбағаллаштириб келаётганлар энг зўр ғояларни ҳам мана шундай мазмунсиз, кам самарали ва танловсиз ҳаракатга айлантиради.
Айтгандай, хорижда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини ҳатто истеъмол кредитлари ҳисобидан ҳам сотиб ололмайсиз.
Бундан қарийб 3,5 йил аввал 5564- сонли Президент фармони қабул қилинган. Унда, хусусан, 2019 йил 1 январдан бошлаб истеъмол кредитини ишлаб чиқарувчидан ёки реализация қилувчи ташкилотдан фақат Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари (хизматлари)ни сотиб олиш учун бериш тўғрисидаги талабларни бекор қилиш кўзда тутилган эди. Лекин фармон талаблари мана 4 йилдан буён бажарилгани йўқ.
Ҳукумат жим. Марказий банк жим. Парламент жим. Балки улар протекционистик чекловлардан миллиардлаб пул ишлаётган маҳаллийлаштириш мафияси манфаатларига зиён етказиб қўйишдан қўрқишар?!