Халқ таълими вазирлиги тизимдаги яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш, молиявий ўғирликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан фаолият юритаётган молиявий бўлинмалар, ички аудит хизмати ва комплаенс назорат тизими ҳақида маълумот беряпти. Вазирликка кўра, улар ёрдамида молиявий хато ва камчиликлар, турли хил коррупцион ҳолатлар сезиларли даражада қисқармоқда.
Жумладан, тақдим этилётган маълумотларда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 270,4 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар олдини олинишига эришилган, ўтказилган 524та назорат тадбирларида 37,7 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилиши (шундан 10,4 млрд. сўми ўзлаштириш) ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сўнгги 3 йил ичида халқ таълими тизимида аниқланган молиявий қонунбузарликлар сонининг ажратилган бюджет маблағларига нисбатан улуши йилдан-йилга камайиб боряпти экан.
Бундан ташқари, Халқ таълими тизимида ахборот алмашинувини автоматлаштириш ва бошқариш мақсадида ягона дастурий комплекс – ERP ахборот тизими яратилган бўлиб, у бошқа вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилинган. Айтишларича, бу тизим ходимлар орасида “ўлик жон”ларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун жорий қилинган. Дастурнинг самарасини яқин кунларда кўрамиз, деган умиддамиз.
- https://uzedu.uz/y3/news/622uzedu.uz