Бренд товарлар бўйича божлар махсус рўйхатга кирганларга каррасига пасаяди. Спойлер: ҳаммаси бойвуччалар ва бойхонимлар учун
Ҳукуматнинг мана бу қарорини ўқиган борки, ўн йиллар аввал конвертация. квотали импорт қилиш учун турли рўйхатларга киришга тўғри келган ёмон деб ёрлик ёпиштирилган даврни эсламаслиги мумкин эмас.
Бир қарашда, ичига кирмай сиртдан кузатганга яхши қарор. 55 та импорт товар учун божлар 3-6 баробаргача пасаяди. Лекин ўзбек чиновниги осонликча имтиёз бериб қўймайди, имтиёзни қўлга киритиш учун чиновникнинг қўлига қарам ва унинг қарорига боғлиқ бўлиш керак, албатта.
Демак, имтиёзларга эга бўлиш учун:
а) бренд Шимолий Америка, Европа, Япония ёки БАА тегишли базаларида рўйхатдан ўтган бўлиши зарур. Ҳиндистон ё Бангладеш ё Вьетнам брендлари кетмайди.
б) Бренд тасдиғи ва бренд эгаси ё вакиллиги билан импорт шартнома.
в) сифат ва бало бадтар сертификатлар, бренд товари келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар вҳк жами рўйхат бўйича 18 турдаги ахборот ва ҳужжатни топширасиз. Кулгулиси рўйхатда ҳаттоки реклама ролиги мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам қўшилган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг кенгаши ҳужжатларни 20 иш куни (бир ой дегани) давомида кўриб чиқади. Зарур ҳолларда яна 10 иш кунигача узайтиради. Ҳаммаси рисоладагидек бўлса ва аризачи айтайлик, келиша олса, унга фақат 1 йил амал қиладиган сертификат берилади. Бир йилдан кейин жараён янгитдан бошланади.
Аризани кўриб чиқиш учун ҳар бир импорт шартномаси суммаси бўйича 0,8% комиссия ундирилади ва унга ҚҚС ҳам ҳисобланади.
Юқорида жараён жуда соддалаштириб ёзилди. Лекин шундаям соғлом одам бу абсурд нимага керак, деб сўраши табиий.
Чунки, биринчидан, ўзбек чиновниги, бу мисолда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ягона миссияси фақат маъмурий ваколатларини кенгайтиришдан иборат. Бозор, бизнес ва жараёнлар уларга боғлиқ ва қарам бўлиши зарур.
Иккинчидан, номлари келтирилган товарлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Соғлом ақл ҳеч қандай шарт ва тўсиқ киритмасдан божларни ҳамма импортчилар учун бекор қилишга ундайди. Йўқ, ўзбек чиновнигига бунақаси кетмайди. У доим тор лоббини қувватлаши керак. Бу мисолда шик, лакшери ва киборлар учун бренд товарлар ҳақида гап кетаяпти. Учта йирик экономика ёнига бекорга БАА қўшиб қўйилмаган. Бойвуччалар ва бойхонимлар қиммат атирлар, тилла тақинчоқлар, тимсоҳ терисидан сумка, мўйна пальтоларни олиш учун БААга бориб юрмасликлари учун ҳаммаси.
Шундай экан, имконият эшиклари очилипти, деб асло хомтама бўлманг. Бу рўйхатга эркин рақобат қилмоқчи бўлган бегоналар яқин йўлатилмайди. Имтиёзлар ва дарчалар уларнинг ўзлари учун, халқни талаётган, монополист ва олигарх шериклари учун.
Яхшиси, каррасига қиммат аждарҳо божларни тўлаб, кенг халқ учун товарларни олиб келишда давом этаверинг.
Яна бир бор эслатамиз.
Мана бу ерда ялангоёқлар, яъни биз ўзбекистонликлар учун аждарҳо божлар.
Мана бу ерда эса бойвуччалар ва бойхонимлар учун имтиёзли божлар.