Солиқ қўмитаси Yandex Go ҳимоясига чиқди. Бу Янги Ўзбекистон реалликлари
Yandex Go Ўзбекистон юрисдикциясида солиқ тўламаётгани бўйича қўмитанинг оқлов баёноти Yandex эгалари ва собиқ, амалдаги оғалар тушунадиган рус тилида эълон қилинган.
Ўзи рақобатли бозордаги солиқ тўловчилар ёки истеъмолчи манфаатлари учун Солиқ қўмитаси ва умуман Ўзбекистон ҳукумати битта тукини қимирлатиб қўймайди. Лекин бутун Ўзбекистонда энергетика тизимини ботқоққа ботирганларни шахсан вазир ўзи чиқиб оташин ҳимоя қилади, санкцияга тушган Кремль олигархини бутун бошли ҳукуматимиз керак бўлса Европа судларида ҳимоя қилмоқчи. Яъни бу улар учун норма. Олигархия, монополистлар улар учун синфий яқин, шерик тоифа. Уларда оғизбирчилик бор.
Солиқ қўмитаси баёнотига келсак. Жамиятнинг ва жамоатчиликнинг саволига умуман жавоб берилмаган, яъни феълан нима қилсаларинг, қилларинг, бори шу дейилган. Нега пойтахт ва вилоят марказларидаги такси хизмати агрегатори сифатида монопол мавқега эга компания Ўзбекистонда солиқ тўламаслиги керак?
Яна қайтарамиз:
Нега Yandex такси хизматлари бўйича агрегатор сифатида Ўзбекистонга кирганида, оғайни, даромадлар бўйича солиқни Ўзбекистонда тўлайсан, бунинг учун аввал Ўзбекистонда юрисдикциясидан ўтасан, бизнинг талабимиз шу, дейиш мумкин эмас эди? Буям майли, нега ҳозир шу талабни қўйиш мумкин эмас? Ҳеч ким сайламаган Параламент керак бўлса, уч соатда 30 млрд.долларлик бюджетни тасдиқлаб бераяпти? Нега агрегаторлик бўйича Ўзбекистонда солиқ юрисдикцияси бўлиш талабини киритиш мумкин эмас?
Чунки масала нимада эканини жуда яхши тушунасизлар, аммо сизларда ўзгартиришларга асло хоҳиш йўқ? Сизлар учун масалан, QR кодли тўловларга қарши курашиб майда бизнес ва аҳолини эзғилаш ҳузур беради, иш қилаётгандек кўриниш осон. Сизларнинг қўлингиздан P2P пул ўтказмалари бўйича электрон фактуралар талабини фармонга яширинча киритвориш келади. Yandex'дан солиқ ундиришга келганда, монополист Uzauto motors тўлаши лозим бўлган утилизация йиғимига келганда ё жимсизлар ёки ҳатто вазиятга қараб уларни ҳимоя қилишга ҳам ўтасизлар.
Yandex такси билан боғлиқ кейсда масала фақат Ўзбекистонда тўланмаётган солиқларда ҳам эмас, масала яна приоритети бўйича Yandex рақобатчилари Ўзбекистонга онгли равишда киритилмаётгани, Yandex ва унинг ҳамкорлари кўрсатган хизмати учун фискал чек бермаслиги, пластик орқали ва онлайн тўловдан воз кечишга, нақд пул талаб қилиш ҳолатлари ҳам борки, булар бўйича бир идора масъулиятни иккинчисига ағдаришдан ва айрим вазирликлар ўзининг Yandex олдида ожизлигини очиқчасига кўрсатишдан тўхтаётгани йўқ.
- https://t.me/soliqnews/10510@soliqnews
- https://t.me/the_bakiroo/5728@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/6206@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/5825@the_bakiroo