Uzum ва Click бирлашишига антимонополия рухсат бердими?
"Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 16-моддасига кўра, битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимлар учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур.
Агар бирлашиш акция ва улушларни олиш орқали амалга ошган бўлса, бу 17-модда билан тартибга солинади ва барибир антимонополиянинг олдиндан рухсати олиниши керак.
Uzum гуруҳининг молиявий хизматлар ва бошқа рақамли маҳсулотлар ва агрегатлар сегментини космик тезликда эгаллаб бораётгани, Click эса тўлов тизими бозорида 11 миллион фойдаланувчи билан энг катта ўйинчи бўлгани ҳисобга олинса, талабгорлар ўзлари мурожаат қилмаган тақдирда ҳам Антимонополия органи камида ўзи мустақил ўрганиш ва текшириш ўтказиши керак эди.
Лекин биз қўмитадан бирон баёнот тугул, хабар ҳам эшитганимиз йўқ. Ҳеч ким сайламаган парламент ҳам табиийки жим. ОАВлар ва медиа ўйинчилар реклама ҳуқуқидаги материаллар ва буюртмаларни потирлатиб жойлаш билан овора.
Ҳеч ким энди нима бўлади, яна нима бўлади, дея савол бергани йўқ.
Бу бирлашувдан кейин истеъмолчиларни, тўлов тизими бозорини, бошқа иштирокчиларни қандай оқибатлар кутади? Эртага ягона бу экотизим сиз билган ва билмаган бошқа аффилланган структуралар билан биргаликда ҳаракатларнинг натижасида ўтган аср бошидаги бутун бошли давлатга эгалик қилишни бошлаган Рокфеллернинг Standart Oil аналогига рўпара келмаймизми?
P.S. "Рақобат тўғрисида" ги қонуннинг янги таҳрири Сенат томонидан қабул қилинганига 100 кундан ошди. Қани қонун? Қонуннинг эгаси антимонополия қўмитасидан сўраш бефойда, Сенат, Қонунчилик палатаси шунчалар бефарқми? Сизлар қабул қилганмисизлар шу қонунни? Наҳотки, қонун тақдири тўғрисида муносабат билдиришгаям тепадан рухсат сўраш керак? Қўрқув шу даражадами?