Газ нархлари "ўйнашда" давом этмоқда
Энг катта ва энг қиммат сегмент ҳисобланган Европа газ бозорида нархларнинг юқорига ва пастга қараб кескин ўзгариши даври бошланди. Одатда ҳар йил ёз ойларида Европа газ бозори конъюнктураси спекулятив ва техник факторларга жудаям мойил бўлади.
Ўтган ҳафта жума куни минг куб газнинг спот нархлари 550 долларгача кўтарилган бўлса, кеча 350 долларгача тушиб кетди, бугун яна савдо 450 доллардан ўтмоқда. Албатта бу ўтган йили шу даврдаги нархларнинг 1000 доллардан 3000 долларгача сакраш ва орқага қайтиши каби эмас.
Бу йилги газ нархларининг "ўйнашига" Россиянинг газ шантажи эмас, об-ҳаво прогнозлари сезиларли таъсир ўтказмоқда. Европа қанчалик оғир бўлмасин, ўтган йили Россияга қарамликдан қутула олди, газ таъминотини максимал даражада диверсификациялади. Ҳатто Украина орқали ўтаётган охирги транзит тўхтаб қолган тақдирда ҳам бу энди ҳеч қандай оғир оқибатлар яратмайди.
Европа тажрибаси Россияга боғлиқ минтақа ва мамлакатлар учун газ балансини ушлашда битта манбага ҳаддан зиёд қарам бўлиб қолмаслик кераклиги йўриқларини амалда кўрсатди. Тинчини, мувозанатини, барқарор ўсишни ўйлаган давлат учун диверсификация асосий принципларга айланиши даркор.