420 млн.долларлик афера: Олигархия ўйиндан чиқиб олди, қарзлар Ўзбекистон халқи бўйнида қоладими?
lex.uz базасида баъзида жуда ажойиб суд қарорлари пайдо бўлиб қолади.
Тасаввур қилинг, қайсидир лойиҳада 80 млн.доллар улушингиз бор, улушга нисбатан олинса сизнинг бўйнингизда камида 200 млн.доллар қарз ҳам бор. Сизнинг-ча, Шерикларингиз сизни шу лойиҳадан силлиққина, бир сўм тўламасдан чиқиб кетишига рози бўлишадими? Агар рози бўлишса, уларни ким деб аташ мумкин?
Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг Тошкент металлургия заводи МЧЖнинг бошқа Кипрлик таъсисчилари «M Н (C) L» ва «M I L» компанияларига қарши даъвоси кўрилган мана бу иқтисодий иш ҳам шу жумладан. Янги даврдаги мисли кўрилмаган схемалар ҳақида китоб ёзилса, Тошкент металлургия заводига албатта алоҳида боб ажратилади. Шунинг учун ўчириб юбормасларидан олдин, уни сақлаб қўйинг.
Демак, иш мазмунидан келиб чиқилса, Тошкент Металлургия заводи ташкил этилганидан буён қарийб 1 трлн.сўм зиён кўрган. 2022 йилда кўрилган зиён 317 млрд.сўм. Компания муҳим маълумотларини ўз ихтиёри билан очмайди, чунки онгли равишда ва атайин МЧЖ шаклида тузилган.
Завод ўта оғир иқтисодий аҳволда. Шунинг учун олинган қарз ва кредитларнинг муддатини яна чўзишмоқчи. Қарзлар ва йиғилган мажбуриятлар кичик эмас, 300 млн.долларгача етиши мумкин.
Шу ўлар аҳволда яна қарз олиш режаси ҳам мавжуд. Қанақадир Россиянинг иттоппас, ташкил топганига 1 йил бўлмаган, устав фонди 10 минг рублдан иборат «М ф т ХХI» МЧЖ деган компаниясидан 1,5 млрд.рубль қарз кўтариб, эвазига завод мол-мулкини гаровга қўйиб беришмоқчи. Олдинга ўтиб айтиш мумкинки, кўп қўлланиладиган схемага кўра, кейинчалик завод улушлари шу иттопас ўрис МЧЖсига топширилишиям мумкин. Лекин бу ҳали ҳолваси.
Эмишки, 420 млн.долларлик заводнинг иккита муҳим таъсисчиси Кипрда рўйхатдан ўтган «M Н (C) L» ва «M I L» компаниялари йиғилишларга узлуксиз келмаётган эмиш. Суд Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даъвоси бўйича Кипрлик компанияларни таъсисчилар рўйхатидан чиқарган. Кипрлик қоракўзлар эса ҳеч қандай эътироз билдирмаган (нега ҳам билдиришсин, каррасига қимматлаштирилган буюртмалар билан сиқиб суви ичиб бўлинган, фақат ҳеч қачон қайтмайдиган қарзлар қолган). Завод ишга тушган пайтда таъсисчилар қаторида Metallurgical Technology and Engineering B.V. ва SFI Management Group кўрсатилган. Қачон ва қандай қилиб олигарх шоввозлар ўз улушларини Кипрлик офшорларга қайта расмийлаштиришган ва бунга Ўзбекистон томони нега розилик бергани номаълум.
Хуллас, 26 июнь ҳолатига Заводнинг Кипрликларнинг улуши Тошкент металлургия заводи МЧЖ ҳисобига ўтган. Яъни буёғига завод 100% Ўзбекистонники, лекин тақир туқури ва юки ўзбекистонликлар бўйнига юкланмаса, амалда қайтариш деярли имконсиз бўлган қарзлари билан.
Завод лойиҳаси бошланган пайтдан бошлаб ҳисоблаганда, ҳужжатларга кўра унинг қиймати 278,25 млн.евродан 334,47 млн.еврогача шиширилган. Ишга тушган вақтда қиймати 420 млн.доллар деб эълон қилинган
"Калити билан" ишга тушириш, яъни бутун пудрати, буюртмалари ва бошқаруви четдан келган олигархларнинг назорати остидаги компаниялар қўлида бўлган («Метпром», SFI Management Group).
Яъни заводдан қандай маза ва манфаат олиниш керак бўлса, қурилиш ва лойиҳалаш вақтидаёқ, буюртмалар ва контрактлар воситасида олиб бўлинган. Буёғига қолган темир терсакдан қандай фойдаланиш муаммоси уларники эмас, улар силлиқина лойиҳадан чиқиб бўлишди.
Дарвоқе, қишда, айни энергетик кризис вақтида яширин қарор билан шу заводни ҳимоялаш учун цинкланган ва полимер қопламали прокат маҳсулотлари учун 10%, лекин ҳар килоси учун камида 0,25 долларлик импорт божи киритилган эди. Кўринадики, буям наф бермаган.
Янги даврни кўз-кўзлаган фасадлар қаторига киритиш мумкин бўлган Тошкент металлургия заводи лойиҳасига оид жавобсиз саволлар жуда кўп. Лекин назаримда, бу саволларни Ўзбекистон давлат ва миллий манфаатларини ҳимоя қиладиган расмий органлар бериши керак. Жавобларни ҳам улар олиши зарур. Товон ва тўловларини ҳам.
- https://telegra.ph/file/cc5bade1a5018cadd843c.jpgtelegra.ph
- https://lex.uzlex.uz
- http://tashkentsteel.uz/uz/korxona-haqida/tashkentsteel.uz
- https://lex.uz/docs/6514173lex.uz
- https://www.gazeta.uz/ru/2020/12/04/tmz/gazeta.uz
- https://lex.uz/docs/4904982#edi5424038lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/6097@the_bakiroo