21K54Telegramda ochish
Кўзни қувонтирадиган "чиройли инфляция" муқобил ахборотларни ёқтирмайди. Бизга энди муқобил ахборотлар керак Инфляция кўрсаткичларига зеб беришнинг ўзи кифоя қилмайди. Рақамларга оммани ишонтириш учун уларга шубҳа қолдирадиган ҳар қандай муқобил ахборотларни йўқ қилиш ёки эълон қилмаслик ёхуд долзарблиги қолмагунча кечиктириб туриш лозим бўлади. Эсингизда бўлса, январь ойи бўйича сезилган инфляция 20 фоизга етай деб қолгани ва инфляцион кутилмалар рекорд даражада ошгани ҳақидаги ахборотлар апрелда келибгина маълум қилинганди. Агар бу ҳақидаги маълумотлар февралнинг бошида эълон қилинганда эди, январдаги расмий эълон қилган 0,8 фоизлик инфляцияга нисбатан хайрат ва эътирозлар каррасига юқори бўларди. 2019 йилдан кейин Марказий банк томонидан муқобил тарзда инфляция ҳисобланиши тўхтатилгани ҳам бежиз эмас. Чунки "Адолатли Ҳақиқат"нинг манбаси битта бўлиши керак. Кеча бозордаги нархлар хақида маълумот қидира туриб охирги 6 ойда бу хақда биронта маълумот эълон қилинмаганига гувоҳ бўлдим. Энг йирик бозорлардаги нархлар охирги марта 16 январда очиқланган экан. Шундан кейин тақа-тақ тўхтаган. Супервазирлик ҳам, статагентлик ҳам, назаримда, бозорлардаги нархлар хақида ахборот бериб боришни маъқул деб билмайди. Чунки бозорлардаги реаллик чиройли инфляция картинасини чилпарчин қилиб ташлайди. Ақли борки, срлиштиришни, савол беришни бошлайди. Айтиш керакки, ўзбек вазирликларининг "Ахборот бермасак, савол ҳам бўлмайди, бир неча кун реакция қилинмаса, овозлар ўчади" қабилидаги позицияси иш бермоқда. Эпоха қаттиқлашгани ва ёпила боргани сайин ахборотлар манипуляцияси ва ахборотлар назорати фақат кучайиб боради. Ўтган ёмон даврда Халқаро институтлар инфляция бўйича ўзларининг методологияси бўйича муқобил ҳисобларга мурожаат қилишарди. Лекин Ўзбекистонликлар учун бундай ахборот ё платформа бўлмаган. Иқтисодий ахборотларнинг шаффофлиги ва очиқлиги бўйича вазият буёғига яхшиланиши даргумонлигини ҳисобга олиб, бозорлар ва чакана тармоқлардаги нархларни кузатиб, жамлаб, солиштириб ва албатта очиқлаб боришга катта зарурат туғилади. Шу маънода бизга тўғри сигналларни илғаш, сифатли режалар тузиш ва умуман олганда ўзбек статистикасига алданиб қолмаслик учун бозор индекслари, ритейлерларнинг индекслари, улгуржи савдо индекслари керак. Жудаям керак.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin