Марказий осиёда рус тилининг эмас, ўзбек тилининг тақдири кўпроқ ташвишга солиши керак
Бишкекдаги саммитда Марказий осиё лидерлари рус тили ҳақида жуда кўп баёнотлар бердилар, бизнинг умумий маконимизда рус тилидан фойдаланишни кенгайтириш ҳақида фақат бир меҳмонга ёқимли бўлган кўп таклифлар янгради. Якунда рус тили бўйича халқаро ташкилот тузишга, рус тилидаги нашрлар ва медиани қўллаб-қувватлашга, иқтисодий, маданий ва илмий йўналишларда рус тилидан кўпроқ фойдаланишга келишиб олдилар.
Айтиш керакки, агар лидерларимиз ўз миллий тилларимизга нисбатан худди собиқ катта оғаларимизнинг тилига қайғурганлари каби қайғурганларида умумий аҳволимиз, тилларимизнинг аҳволи бу қадар қуйига инмаган бўлмаган бўларди.
Биргина мисол. Саммит ўтаётган кунларда Ўш, Жалолобод ва Боткент вилоятининг ўзбек тилидан дарс берувчи ўқитувчилари Садир Жапаровга очиқ хат билан мурожаат этишган. Мурожаатда ўқитувчилар ўзбек тилида дарс бериладиган мактабларда ўзбек адабиёти дарслари 5-синфда икки соатга, 6-11 синфларда бир соатга тушириб қўйилганлиги қайд этилади. Янгитдан киритилган "Дунё динларининг тарихи" фани ҳам ўзбек тили ва адабиётини қисқартириш ҳисобига амалга оширилгани айтилади.
Мурожаатчилар Қирғизистон фуқаролари эканликларини, ўз ватанларини севиши, қирғиз тилини билиши ва ҳурмат қилишлари, фарзандлари давлат тилида сўзлашларини таъкидлашган.
Мазкур муаммони қўшни қардош Қирғизистонда қолган кам сонли мустақил медиалардан бири Кактус кўтариб чиққан.
Ўзбек тилининг фойдаланув ареали ўрта аср феодал хонликлари даврида икки дарё оралиғигача кескин қисқарди. Қачонлардир ўзбек адабий тилининг бешиги бўлган Хуросон-у, Хиротда энди ўзбек тилини тушунишмайди. Биқиқ хонликлар давридаги жараён 1991 йилдан кейин янада авж олди. Янги пайдо бўлган мустақил давлатлар ўз ўзлигини қардош халқлар тилидаги мактаблар ва ОАВларни ёпишда, тилини қисишда кўрдилар. Охирги йилларда майдонга келган янги лидерларнинг ўзаро тушуниши туфайли бу жараён ниҳоят тўхтагандек.
Қирғизистонда ўзбек тили чет тили эмас, Ўзбекистонда қирғиз тили чет тили эмас. Ва ҳакозо. Агар шуни тушуниб етсак, Ўз тилимизга, тилларимизга ўзимиз тиғ урушимиз тўхтайди. Тилларимизнинг умумий рағбати ҳаммамизнинг фойдамизга ишлайди.